Ўтган олти ойда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш юзасидан “Йўл харитаси”нинг 62 та банди бажарилди. Бу – Миллий стратегия ижроси 79 фоизга етди, деганидир.
2023 йил биринчи ярмида Миллий стратегия доирасида 7 та қонун, 8 та Президент фармон ва қарорлари, 3 та Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди, 1 та халқаро шартнома ратификация қилинди.
Соҳага алоқадор учта муҳим ҳужжат:
- БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалга ошириш юзасидан Миллий ҳаракатлар режаси;
- Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачи (Ф.Ни Аолайн) тавсияларини бажариш юзасидан Миллий ҳаракатлар режаси;
- Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг Дастлабки миллий маърузаси ишлаб чиқилди.
Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланган қуйидаги Миллий ҳаракатлар режаларининг ижроси мониторинг қилинди.
Биринчидан, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасининг (жами 43 та банд) 8 та банди бўйича ишлар якунланди.
Иккинчидан, Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қоидалари ижроси юзасидан 2022-2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасининг (жами 69 та банд) 14 та банди бажарилди.
Учинчидан, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларини бажариш юзасидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракат режасининг (жами 34 та банд) 8 та бандидаги вазифалар тўлиқ амалга оширилди.
Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури доирасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда:
- «Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги»;
- “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида видеоконференция;
- #Инсон_ҳуқуқлари_олий_қадрият хештеги;
- “Инсон ҳуқуқлари билимдони” викторинаси;
- “Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида” танлови;
- кўплаб мулоқот ҳамда учрашувлар ўтказилди.
Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда Фарғона, Бухоро, Тошкент, Сурхондарё, Андижон, Наманган, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курслари ташкил этилди. Унда ички ишлар ва прокуратура тизимларидан 470 нафар ходим иштирок этди.
Шунингдек, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳамда Бухоро шаҳрида “Нельсон Мандела қоидалари ва қийноқларнинг олдини олиш” мавзусида тренинг ўтказилди. Унда Тошкент шаҳри ва пойтахт, Бухоро, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятларидаги жазони ижро этиш муассасалари вакиллари қатнашди.
Турли вазирлик ва идоралардан келган 35 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси экспертизадан ўтказилди. Марказ ташаббуси билан инсон ҳуқуқлари масаласига оида 3 та Президент фармони ва қарорлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 12 майдаги фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги Тадбирлар дастурининг (жами 30 та банд) 6 та банди бажарилди.
Миллий марказ вакиллари Нью-Йорк, Женева, Пекин, Жидда, Вена, Варшава, Скопье, Москва, Санкт-Петербург, Олмаота, Остона шаҳарларида инсон ҳуқуқлари мавзусига бағишлаб ўтказилган турли форумларда қатнашди.
Ҳисобот даврида Миллий марказда 20 га яқин халқаро ташкилот ва хорижий давлатлар делегациялари билан учрашувлар ўтказилди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг (Фолькер Тюрк) Ўзбекистонга расмий ташрифи якунларига оид тавсиялари асосида “Йўл харитаси” тайёрланди. Ҳужжат парламент палаталари Кенгашларининг Қўшма қарори билан тасдиқланди.
Миллий марказга 2023 йил биринчи ярмида почта орқали – 682 та, шахсий қабул жараёнида – 168 та, телефон орқали – 1 минг 200 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Улар қонун талаблари асосида кўриб чиқилиб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга кўмаклашилди.
Марказ томонидан ҳамкор ташкилотларни жалб қилинган ҳолда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари ва ички ишлар идораларида жойлашган вақтинчалик сақлаш ҳибсхоналарида инсон ҳуқуқларига риоя этилиши аҳволи юзасидан мониторинг ўтказилди.
Январь-июль ойлари давомида Миллий марказ томонидан инсон ҳуқуқларига оид 15 та китоб тайёрланди ва чоп этилди.
Ҳудудлардаги ахборот-кутубхона марказларида “Конституция ва инсон ҳуқуқлари бўйича адабиётлар” йўналиши ташкил қилинди. Ушбу кутубхоналарга жами 2 минг 150 дона китоб ва 600 дан ортиқ илмий-ҳуқуқий журнал беғараз тақдим этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 07.08.2023
- Кўришлар: 3866
- Чоп этиш