Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим: дастлабки олти ой сарҳисоби

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсонларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жабҳаларда, умуман, ўз ҳаётига дахлдор бўлган қарорларни қабул қилишнинг барча жараёнларида тўлақонли иштирокини таъминлаш, шунингдек ҳуқуқбузарликлар, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда муҳимдир. Шу маънода, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан 2023 йилнинг биринчи ярамида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим йўналишида муайян натижаларга эришилганини таъкидлаш лозим.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда 2020–2024 йилларда БМТ Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури тасдиқланди.

Дастур лойиҳаси БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ва БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари бўйича қўмитаси вакиллари ҳамда миллий экспертлар иштирокида кенг муҳокама қилинди. Қарор билан 7 та устувор йўналиш ва 30 та банддан иборат Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Қарор ижроси доирасида 2023 йил 20-28 февраль кунлари «Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги» давлат органлари, таълим ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда бутун мамлакат миқёсида ўтказилди.

20 февраль куни Миллий марказда Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида видеоконференция ташкил этилди. Видеоконференцияда 2 минг нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди.

Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан мамлакат бўйлаб ёшлар ўртасида #Инсон_ҳуқуқлари_олий_қадрият хештеги ташкил этилди ва ҳудудлардаги расмий каналларда тарғибот сифатида ёритиб борилди, унда 4 мингга яқин ёшлар иштирок этди.

Мамлакатимизнинг туман, шаҳар ва маҳаллаларида “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида “Прокурор ва ёшлар”, “Судья ва ёшлар”, “Адлия раҳбари ва ёшлар”, “ИИБ раҳбари ва ёшлар”, “ДХХ раҳбари ва ёшлар” каби турли учрашувлар ташкил этилди. Мамлакат миқёсида ташкил этилган учрашувларда 8 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этди.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилган ҳуқуқий тест саволларини ўз ичига олган “Инсон ҳуқуқлари билимдони” викторинаси ташкил этилди. Шунингдек, “Тонг юлдузи”, “Класс” газеталари таҳририятлари билан ҳамкорликда “Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида” танлови ўтказилди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури ижросини таъминлаш мақсадида Миллий марказ томонидан Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ўтказиш жадвали, ўқув курслари дастури ва модули ишлаб чиқилди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида Фарғона (22-23 февраль), Бухоро (29-30 март), Тошкент (18-19 апрель), Сурхондарё (17-18 май), Андижон (20-21 июнь), Наманган (22-23 июнь) вилоятларида, миллий ва халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда, “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курслари онлайн ва офлайн форматда ташкил этилди. Ўқув курсларида ҳар бир ҳудуддан ички ишлар (50 нафар) ва прокуратура (10 нафар) тизимидаги терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларининг жами 350 нафар ходими иштирок этди.

Шунингдек, 2023 йил 19-21 июнь кунлари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида, 23 июнь куни Бухоро шаҳрида “Нельсон Мандела қоидаларининг асосий тамойиллари ва жазони ижро этиш муассасаларида қийноқлар, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш” мавзусидаги тренинглар ўтказилди. Ўқув машғулотларида Тошкент шаҳри ва Тошкент, Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги жазони ижро этиш муассасалари вакиллари иштирок этди.

2023 йил 11-12 май кунлари Хива шаҳрида прокуратура ва ички ишлар органлари ходимлари учун “Терроризмга қарши самарали курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” мавзусидаги амалий ўқув семинари ўтказилди. Машғулотлар ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси вакиллари билан ҳамкорликда ташкил қилинди.

2023 йил 6-9 июнь кунлари ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда “Аёлларнинг ролини кучайтириш, тинчлик ва хавфсизлик” мавзусида ўқув семинарлари ўтказилди. Ушбу машғулотлар судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари учун ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хи
змати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech