«Инсоният келажаги бутун дунё ёшларининг бемисл шиддат-шижоати, орзу ва ғоялари ҳамда шу эзгу мақсадга муносиб ҳисса қўшишга қаратилган астойдил саъй-ҳаракатларига боғлиқ». БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 12 август – Халқаро ёшлар кунига бағишланган мурожаатномасида шундай деб таъкидлади.
Халқаро ёшлар куни 1999 йил 17 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси ўзининг 54/120-сонли резолюцияси билан таъсис этилган. Ушбу кунда жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътибори ёшларга оид масалаларга яна бир бор қаратилади.
Миллий қонунчилигимизга кўра, 30 июнь – Ўзбекистон Республикасида Ёшлар куни этиб белгиланган. Шунингдек, 2020 йил 30 июнда Президент Фармонига асосан ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат бошқаруви органи – Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди.
Қонунчиликда Ўзбекистон ёшларига, хусусан, қуйидаги имтиёзлар кўзда тутилган:
▪ Меҳнат кодексида ёшлар учун алоҳида кафолатлар белгиланган, жумладан 16 дан 18 ёшгача бўлганлар учун иш вақти ҳафтасига 36 соатдан ошмаслиги лозим;
▪ муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва контракт бўйича ўқиётган ижтимоий фаол талабаларга контракт суммасининг 35 фоизи тўлаб берилади;
▪ контракт асосида ўқиётган талабаларга таълим кредити берилади;
▪ ёшлар муаммолари билан ишлашнинг янгича тизими – «Ёшлар дафтари» (https://yoshlardaftari.uz/) ишга туширилган;
▪ «Ёшлар дафтари»га киритилганларнинг ногирон оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун БҲМнинг 5 баравари миқдорида ёрдам кўрсатилади;
▪ ногиронлиги бўлган ёшларга ўқиш, яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун 15 млн сўмгача субсидия ажратилади;
▪ давлат олий таълим муассасаларига киришда энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Президент гранти жорий қилинган;
▪ ижтимоий фаол ёшларга олий таълим муассасаларига ўқишга киришда имтиёзлар берилади;
▪ маҳалладаги ёшлар етакчилари тавсияси асосида ёшларга 20 турдаги ёрдам берилади;
▪ айрим ёшлар олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда тест синовларида иштирок этиш учун ундириладиган тўловлардан озод этилади;
▪ «Мозийга саёҳат» дастури доирасида «Ёшлар дафтари»га киритилганлар давлат музейларига бепул киритилади;
▪ хориждаги ёш ватандошларнинг вазирликлар, идоралар ва ташкилотларда ишлаши учун шарт-шароит яратилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 14.08.2023
- Кўришлар: 3713
- Чоп этиш