15 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Сайидо Насафий номидаги Қашқадарё вилоят ахборот-кутубхона марказида “Конституция ва инсон ҳуқуқлари бўйича адабиётлар” йўналиши очилишида иштирок этди.
Шу муносабат билан Сайидо Насафий номидаги Қашқадарё вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Гулнора Турсуновага Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг махсус дипломи топширилди.
Вилоят кутубхонаси 1943 йилда ташкил этилган. Унинг жамғармасида 221 минг 651 та китоб, 6 минг 30 та газета ва 5 минг 360 та журнал мавжуд. Бу ерда, шунингдек, 153 та нодир ва ноёб нашрлар сақланмоқда.
Эндиликда мазкур кутубхона Миллий марказ томонидан беғараз тақдим этилган 150 дан ортиқ инсон ҳуқуқларига оид китоб ва илмий-ҳуқуқий журналлар ҳисобига янада бойиди.
Маълумки, жорий йилнинг биринчи ярмида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва бошқа бир қатор вилоятлардаги ахборот-кутубхона марказларида ҳам “Конституция ва инсон ҳуқуқлари бўйича адабиётлар” йўналиши ташкил қилинди. Ушбу кутубхоналарга жами 2 минг 150 дона китоб ва 600 дан ортиқ илмий-ҳуқуқий журнал етказиб берилди.
Бу ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги ПҚ-46-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Қашқадарё вилоят ахборот-кутубхона марказининг телеграм канали
- Қўшилди: 16.08.2023
- Кўришлар: 3707
- Чоп этиш