16 август куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Камбағалликни қичқартириш ва бандлик вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси билан ҳамкорликда “Мигрантлар ҳуқуқлари: халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик” мавзусидаги ўқув курси ўтказилди.
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимлари учун мўлжалланган ушбу машғулотлар онлайн ва оффлайн шаклда ташкил этилди.
Тадбирда асосий мақсад Миграция агентлиги ходимларининг миграция ҳуқуқи ва муносабатларини тартибга солувчи халқаро ва миллий миграциявий-ҳуқуқий нормалар, миграция жараёнларини маъмурий-ҳуқуқий тартибга солишнинг назарий асослари, замонавий босқичдаги миграция соҳасидаги давлат сиёсатининг мазмуни ва асосий йўналишлари юзасидан билим ва кўникмаларини оширишга қаратилди.
Ўқув курс аввалида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов видеомурожаат йўллади. Тингловчиларга cўнги йилларда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар жадаллашиб, миграция соҳасида ҳам очиқлик сиёсати олиб борилаётганига эътибор қаратилди.
Машғулотларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ички ишлар вазирлиги, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг тажрибали мутахассислари ўз маърузалари билан иштирок этди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг марказий аппарати ва минтақавий филиалларининг 100 нафарга яқин ходими тингловчи сифатида қатнашди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 17.08.2023
- Кўришлар: 4011
- Чоп этиш