Куни кеча ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун давлат тилини билиш бўйича имтиҳон топшириш тартибига янгиликлар киритилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган низом асосида тартибга солинган. Фуқароликка қабул қилишдаги асосий талаблардан бири — талабгорнинг давлат тили бўйича кўникмаларини баҳолашдан иборат.
Ижтимоий тармоқлардаги кечаги хабарга келадиган бўлсак, аслида жорий йилнинг 14 августида фуқаролик олиш тартибига бир қатор янгиликлар киритилди.
Улар нималардан иборат?
Биринчидан, эндиликда фуқароликка қабул қилишда талабгорларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш учун ҳужжатлар бевосита давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали юборилади.
Талабгорларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.
Аввалги тартибга кўра, талабгор бевосита Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларига бориб ҳужжат топширган.
Иккинчидан, фуқаролик олишга талабгор ортиқча ҳеч қандай ҳужжат топшириши шарт эмас, фақат давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали сўровномага ўзи ҳақидаги маълумотларни тўғри ва тўлиқ киритса, етарли.
Талабгорнинг шахсини тасдиқловчи маълумотлар ҳамда фотосурати давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази томонидан ваколатли органлар орқали электрон сўров асосида олинади.
Илгари талабгор шахсини тасдиқловчи ҳужжат асли (нусха олиб қайтариб берилган) ҳамда 3,5х4,5 ўлчамли рангли 2 дона фотосуратни топшириши керак бўлган.
Учинчидан, давлат тилини билиш даражасини аниқлаш учун БҲМнинг 20 фоизи (66 минг сўм) миқдоридаги тўлов Ягона биллинг тизими орқали тўланади.
Шунингдек, талабгор хизматдан ЯИДХП орқали фойдаланса, тўлов 90 фоиз миқдорда ундирилади, яъни 66 минг сўм эмас, 59 минг 400 сўм бўлади.
Олдин бундай чегирма йўқ эди.
Тўртинчидан, давлат тилини етарли даражада билиш ёки билмаслик ҳақидаги хулосадан норози бўлганлар учун апелляция бериш ҳуқуқи киритилди.
Унга кўра, талабгор натижа чиққанидан кейин 5 иш кунида давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг ўзига норозилик ҳақида ариза бериши мумкин бўлмоқда.
Апелляция кўриб чиқилиб, қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
— натижани ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни рад этиш;
— натижани ўзгартириш ва апелляцияни қондириш;
— имтиҳонни бекор қилиш ва такрорий имтиҳон тайинлаш.
Имтиҳон такрорий ўтказилганда бош қа тўлов ундирилмайди.
Талабгор апелляция натижаларидан норози бўлса судга мурожаат қилиши мумкин.
Бунгача апелляция бериш тартиби мавжуд бўлмаган.
Умуман олганда, кейинги йилларда мамлакатимизда фуқаролик бериш тартиби жиддий соддалаштирилди. Буни рақамлар таҳлили ҳам кўрсатади. Масалан, 1991 йилдан 2007 йилга қадар мамлакатимизда жами 482 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган бўлса, 2007 йилдан 2016 йилнинг декабрь ойига қадар ҳеч кимга фуқаролик берилмаган.
Фақатгина 2016 йилдан бошлаб фуқаролик бериш бошланди. Шундан буён 23 мингдан зиёд ҳамюртимиз Ўзбекистон фуқароси, деган юксак шарафга эга бўлди.
Фурқат ТОЖИЕВ,
Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи
- Қўшилди: 18.08.2023
- Кўришлар: 4085
- Чоп этиш