23-24 август кунлари Жиззах ва Навоий вилоятларида "Бизнес ва инсон ҳуқуқлари" мавзусида ўқув курслари бўлиб ўтди. Бунга қадар, 21-22 август кунлари шундай машғулотлар Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида бўлиб ўтганди.
Тадбиркорлар ва фермерлар учун мўлжалланган мазкур ўқув семинарлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги 46-сонли қарори ижроси дорасида ўтказилмоқда.
Машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари бўйича вакил ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Семинарларда Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаси бошлиқлари, Бизнес-Омбудсманнинг тегишли вилоятлардаги вакиллари, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг айни вилоятлардаги маъсуллари ҳамда тадбиркор ва фермерлар иштирок этди. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ етакчи мутахассиси А. Набиев ўз маърузаси билан онлайн тарзда қатнашди.
Ўқув давомида бир қатор, хусусан:
- бизнесда коррупцияга қарши курашиш ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий онгини ривожлантириш;
- тадбиркорларнинг ер билан боғлиқ ҳуқуқлари ва уларни амалга ошириш механизмлари;
- тадбиркорликнинг қонунчилик асослари, соҳадаги қўллаб-қувватлаш тизими;
- фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шу жумладан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан муносабатларда, назорат қилувчи органлар томонидан текширишлар ўтказиш жараёнида ҳамда судларда ишларни кўриб чиқишда ҳимоя қилиш;
- бизнес соҳасида инсон ҳуқуқларига риоя қилиш: халқаро амалиёт;
- БМТнинг инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан тадбиркорлик фаолиятининг дастурамал тамойиллари;
- тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи органлар фаолияти;
- тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш механизмлари;
- тадбиркорлик ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик таҳлили каби мавзулар муҳокама қилинди.
Машғулотлар якунида тадбиркорлар ва фермерларнинг мурожаатлари тингланди. Мазкур мурожаатлар бўйича тегишли ташкилот масъуллари томонидан батафсил тушунчалар берилди.
Худди шундай семинарлар Фарғона, Хоразм, Наманган, Aндижон, Сирдарё, Сурхондарё, Самарқанд, Тошкент вилоятлари, Тошкент шаҳрида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида август ойининг охиригача ўтказилиши режалаштирилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Савдо-саноат палатаси Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси ахборот хизмати
- Қўшилди: 25.08.2023
- Кўришлар: 3639
- Чоп этиш