ШОНЛИ ТАРИХИМИЗНИНГ ЭНГ ЁРҚИН САҲИФАСИ

Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!

 

Жорий йилда мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги тантаналари бир қатор улкан ижтимоий-сиёсий воқеалар билан уйғунлик ва ҳамоҳангликда нишонланмоқда. Хусусан, 30 апрелда бўлиб ўтган умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди, 9 июлда муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилди.  

Буларнинг барчаси энг улуғ, энг азиз байрамимиз шукуҳини янада оширмоқда. Чунки референдум билан сайлов ва Конституция инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим демократик ҳамда ҳуқуқий воситалардир.

Мустақиллик – эркин ва бахтли яшаш ҳуқуқи. Башарият тарихи шундан далолат берадики, ҳар бир халқ фақат эркин ва озод бўлган тақдирдагина, ўз ҳаёти ва келажагини мустақил барпо этиш ҳуқуқига эга бўлади. 

Мустақиллик – бу инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфатларини ҳар томонлама ва тўлиқ таъминлашнинг бош мезони.

Мустақиллик – миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлиги руҳида яшаш, истиқлол ғояларини юртдошларимиз, хусусан, ёш авлод қалби ва онгига янада теран сингдириш, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашнинг энг асосий ва муҳим шарти, миллий тараққиётимиз кафолати.

Мустақиллик – биз барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг ўқ илдизи.

 Мустақиллик – биз пойдеворини тиклаётган Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам таянчи.

Ушбу буюк неъмат сизу бизнинг тақдиримизга тўғридан-тўғри дахлдор.

…1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Сўнг 1990-1991 йилларда қабул қилинган қатор ҳужжатлар асосида юртимизда Наврўз қайта тикланди, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари катта байрам ҳамда дам олиш кунлари деб эълон қилинди. Қуръони карим ва Ҳадис китобларининг ўзбек тилида эмин-эркин нашр этилиши йўлга қўйилди.

Мустақиллик арафасида Ўзбекистон бўйича 2,5 миллион оилага ҳаммаси бўлиб 700 минг гектар суғориладиган ер томорқа сифатида хусусий мулк қилиб берилди. Бугун тўла ишонч билан айтиш мумкинки, бу мураккаб масалага ана шундай оқилона ёндашув туфайли Ўзбекистон бўйича минг-минглаб одамлар уй-жойли, ишли бўлди, бозорларда маҳсулот кўпайиб, нарх-наво арзонлашди, энг муҳими, қалтис паллаларда ижтимоий кескинликнинг олдини олишга эришилди. Ваҳоланки, шўролар 74 йил давомида халққа бор-йўғи 300 минг гектар ерни зўрға берган.

Иттифоқдош республикалар орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда 1990 йил 24 мартда Президентлик институти жорий этилди.

Албатта, мустақилликнинг дастлабки чорак асри давомида ютуқлар билан бирга муайян камчиликлар ҳам бўлди. Бу ҳам табиий. Чунки давр жуда мураккаб, қалтис эди. Улар ҳақида ёзиш учун кўп қоғоз қоралаш лозим. Ўтган даврда эришилган муваффақиятлардан ҳам, хато ва камчиликлардан ҳам тўғри хулоса чиқармоқ даркор. Зеро, энг катта хато олдинги хатони такрорлашдир.

Истиқлолнинг ўтган ҳар йили миллий мустақиллигимизни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришнинг шарафли босқичлари сифатида тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилмоқда. Айниқса, кейинги қарийб етти йилда ҳаётимизнинг турли соҳаларида ўтган даврда йиғилиб қолган муаммолар – моҳирлик билан ҳал этилаётгани; мавжуд камчиликлар – оқиллик негизида бартараф қилинаётгани; йўл қўйилган айрим хатолар – одиллик асосида тузатилаётгани ҳар қанча таҳсинга сазовор.

Бунда, шубҳасиз, халқимиз Шавкат Мирзиёев номзоди учун 2016 йил декабри (88, 61 фоиз), 2021 йил октябри (80, 31 фоиз) ва 2023 йил июлида (87, 05 фоиз)  бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида ишонч билан энг кўп овоз бергани беқиёс аҳамиятга эга. Чунки юртдошларимиз сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида халқимизнинг мушкулини осон, оғирини енгил, турмушини фаровон қилиш бўйича амалга оширилаётган шиддатли ва қамровдор ислоҳотлар самараларидан баҳраманд бўлмоқда.

Бу улуғвор ишонч замирида давлат раҳбарининг сўнгги йилларда мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш ҳамда Учинчи Ренессанс пойдеворини тиклаш йўлида амалга ошираётган кенг қамровли ва эзгу амаллари билан халқимиз қалбидан мустаҳкам жой эгаллаганидек аён воқелик мужассам.

Жадал суръатларда ривожланаётган дунёда фақат замон билан ҳамнафас одимлаётган, жамият ва давлатни модернизация қилиш учун зарур ислоҳотларни амалга ошираётган давлатларгина рақобатбардош бўла олади. Бу оддий ва асл ҳақиқат, ўз навбатида, Янги Ўзбекистон учун янги сиёсат ва мамлакат тараққиёти учун узоқ муддатли стратегиялар ишлаб чиқишни ҳаётий заруратга айлантирди.

Янги Ўзбекистоннинг биринчи стратегик дастури Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидир. Жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришнинг мазкур беш йиллик стратегияси юртимизда туб ва жадал демократик ислоҳотларнинг мутлақо янги босқичини бошлаб берди.

Халқимизнинг улуғвор қудратига таяниб Ўзбекистонда янги Уйғониш – Учинчи Ренессанс даври пойдеворини яратишга қаратилган Ҳаракатлар стратегияси асосида 2017-2021 йилларда қанчадан-қанча салмоқли чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу улкан кўламдаги янгиланишларнинг тезкор ва тизимли, ўзаро алоқадор ва бир-бирига чамбарчас боғлиқликда ҳаётга татбиқ этилгани, айниқса, диққатга лойиқдир.

Бу ўринда сиёсий тизимни модернизация қилиш, чуқур маъмурий ислоҳотлар ўтказиш, судларнинг ҳақиқий мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш, қулай бизнес ва инвестиция муҳитини яратиш, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни, пухта ўйланган, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш борасидаги туб ўзгаришлар ҳақида сўз бормоқда.

Ҳаракатлар стратегиясини ижро этиш учун 300 дан ортиқ қонун ва кодекс, Президентимизнинг 4 мингдан ортиқ фармон ва қарорлари, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, илмий-техник, суд-ҳуқуқ, гуманитар ва бошқа соҳаларни ривожлантириш бўйича кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Шу тариқа Янги Ўзбекистон пойдеворининг ҳуқуқий асослари яратилди. Янада муҳими, бу ҳужжатлар самараларидан халқимиз мамнун ва манфаатдор бўлди.

Янги Ўзбекистоннинг иккинчи стратегик дастури – 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидир. Ушбу дастуриламал ҳужжат доирасида бир қатор концепция ва дастурлар, 13 та кодекс, 12 та қонун,  яъни ҳар бир устувор йўналишда зарур қонун ҳужжатлари қабул қилиниши кўзда тутилган.

Тараққиёт стратегияси ижроси йўлида 2022-2023 йилларнинг ўзидаёқ еттита устувор йўналишда бажарилган ишлар кўлами ва миқёси таҳсинга сазовор. Янги Ўзбекистон пойдеворини тиклаш ва биносини қуришга қаратилган буюк бунёдкорлик жараёнлари изчил давом этмоқда.

«Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган тамойил фаолиятимиз дастурига айланди. Мамлакатимиз пандемия ва глобал инқирознинг салбий таъсирларига қарамасдан, эркин, обод ва фаровон ҳаёт қуриш йўлидан дадил одимламоқда.

Президентимиз қайд этганидек, «Биз интилаётган Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш осон эмас. Бундай улуғ вазифанинг шарти ва мезонлари кўп. Аммо энг муҳим ва ҳал қилувчи омил – бу демократик ислоҳотлар йўлидир. Шу боис халқимиз манфаатига тўла жавоб берадиган бу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Қанчалик қийин бўлмасин, фақат олдинга қараб борамиз».

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга оширишда «Инсон қадри» ғоясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Инсон қадри дегани, содда қилиб айтганда, инсонни улуғлаш ва инсонлар ўртасидаги ўзаро меҳр-муҳаббатни қадрлашдир. «Инсон қадри» тушунчаси – инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳар томонлама таъминланишини ҳам ўзида қамрайди.

Янги Ўзбекистоннинг учинчи стратегик дастури – 2023 йилги сайлов кампаниясида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев эълон қилган сайловолди дастурига асосланади.

Дастурда ҳаётимизнинг энг устувор йўналишларини қамраган бешта асосий мақсад ҳақида сўз боради. Яъни: биринчи мақсад – таълим йўналиши; иккинчи мақсад – барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш; учинчи мақсад – сув ресурсларини тежаш ва атроф муҳитни  муҳофаза қилиш; тўртинчи мақсад – қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш; бешинчи мақсад – Қуролли Кучларимизнинг ҳарбий салоҳиятини янада оширишдан иборат.

Ҳар бир мақсад муайян чора-тадбирлар ва қатъий вазифаларни кўзда тутади. Бу вазифаларнинг кўлами ва миқёси қанчалик қамровдор бўлса, ижросини таъминлаш механизмлари шунчалик аниқ.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг учала стратегик дастури ҳам юртдошларимиз ва халқаро ҳамкорлар таклиф-тавсиялари асосида ишлаб чиқилган. Шунинг учун улар ниҳоятда халқчил ва амалийдир.

Бу стратегик дастурлар давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларини тугал қамраб олган. Ушбу дастурлардаги чора-тадбирларнинг амалга оширилишидан юртимиздаги ҳар бир инсонга – қулай имконият, муайян енгилликлар, моддий ва маънавий манфаат етса, ўз навбатида, ҳар қайси оила ва хонадон ободлик, тўкинлик, файз ва барака топади.

Энг асосийси, дунёда коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз, кескин рақобат, турли қарама-қаршилик ва зиддиятлар туфайли юзага келган ғоят оғир ва мураккаб вазиятда Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва уни жаҳонга тараннум қилиш йўлида ғоят муҳим натижаларга эришилмоқда.

Ўзбекистоннинг бундай тарихий ютуқлари халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда. Зеро, ватандошларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ўзгариб, халқимиз ислоҳотлар самарасини кундалик ҳаётида тобора теран ҳис қилиб яшамоқда.

Мустақиллик йилларида, айниқса, кейинги даврда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида амалга ошириш халқ учун фаровон ҳамда муносиб турмуш шароитини яратишга йўналтирилган демократик ислоҳотларнинг асосий мезонига айланди. Айниқса, охирги икки йилда амалга оширилган конституциявий ислоҳот натижалари бу олийжаноб мезонни янада юксак босқичларга кўтарди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, жумладан, мамлакатимиз суверенитети ва халқимиз мустақиллигининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини янада қатъий таъкидлашга қаратилган янги нормалар билан бойитилиб, мавжуд конституциявий қоидалари кенгайтирилди.

Эндиликда Конституциямизнинг 1-моддаси мана бундай янгича мазмунда жаранглайди:

«Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен,  демократик,  ҳуқуқий,  ижтимоий ва дунёвий  давлат.

 Давлатнинг  «Ўзбекистон  Республикаси»  ва «Ўзбекистон» деган номлари бир маънони англатади».

Конституциямизнинг 18-моддасида ўз аксини топган мана бу нормалар эски матнда мавжуд эмасди:

«Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси давлатнинг, халқнинг олий манфаатларидан, унинг фаровонлиги ва хавфсизлигидан келиб  чиққан  ҳолда  иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа  давлатлараро тузилмаларга кириши ҳамда улардан чиқиши мумкин».

Бош Қомусимизнинг 19-моддаси қуйидаги биринчи банд билан тўлдирилди:

«Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва  эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади».

Мазкур конституциявий нормаларда, бир томондан, Ўзбекистон давлати ва халқининг мустақиллиги, суверенитети, эгаменлигига асосли равишда урғу берилган бўлса, иккинчи томондан, инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини янада мустаҳкам кафолатлаш назарда тутилган.

Мухтасар айтганда, истиқлол йилларида жонажон Ватанимиз қандай суронли даврларни бошидан кечирган, меҳнаткаш халқимиз қандай салмоқдор ютуқларга эришган бўлса – буларнинг барчасида мустақиллик руҳи ва ғояси бизга доимо тоғдек таянч бўлиб келмоқда. Шу маънода, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Бизнинг инсоний қадр-қимматимизни, ғурур ва шаънимизни, дину диёнатимизни, миллий давлатчилигимизни тиклаб берган Мустақиллик куни Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин саҳифа бўлиб қолади».

 

Ғулом МИРЗО,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

 

“Гулистон” журнали,

2023 йил, 4-сон

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech