26 август куни Тошкент шаҳрида вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари бўйича инспекторлар учун шу мавзуда ўқув семинари бўлиб ўтди. Машғулотлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Ўқув семинари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори ижроси дорасида ўтказилди. Тадбирда Ички ишлар вазирлиги вакиллари ва ушбу тизимнинг юртимиздаги 14 та ҳудудда фаолият олиб бораётган инспектор-психологлари иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ етакчи мутахассиси А.Набиев Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари юзасидан маъруза қилди.
Семинар давомида, шунингдек:
инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг миллий тизими;
бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид миллий қонунчилик;
вояга етмаганларга нисбатан содир этиладиган жиноятларнинг хусусиятлари;
таълим муассасаларида смартфонлардан фойдаланишнинг ижтимоий-ҳуқуқий таҳлили каби мавзулар муҳокама қилинди.
Машғулотлар якунида инспектор-психологларнинг мурожаатлари тингланди. Экспертлар томонидан барча мурожаатлар юзасидан батафсил тушунчалар берилди.
Ташкилотчилар айни йўналишдаги семинарларни доимий асосда ўтказишга келишиб олдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 28.08.2023
- Кўришлар: 5068
- Чоп этиш