24 август куни Самарқанд шаҳрида “Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий уй-жой билан таъминлаш бўйича илғор хорижий тажрибалар” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича департаменти ҳамда Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов видеомурожаат орқали иштирокчиларни қутлар экан, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ва кўламдор ишларга тўхталди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 57-моддасида белгиланганидек, “Меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир”.
Семинарда БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини Ўзбекистонда амалга ошириш бўйича 2023–2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасида белгиланган “Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий уй-жой билан таъминлаш институти”ни миллий қонунчиликка киритиш механизмлари кўриб чиқилди. Бу борадаги хорижий давлатлар қонунчилиги ва тажрибаси ҳамда айни амалиётдан миллий қонунчиликни такомиллаштиришда фойдаланиш истиқболлари бўйича фикр алмашилди.
Муҳокамаларда "универсал дизайн" моделини жорий этиш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш муҳимлигига эътибор қаратилди. Ушбу модел Европанинг бир қатор мамлакатларида муваффақиятли қўлланаётгани, унинг асосий принципи барча фуқаролар, жумладан ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда турар-жой мажмуаларини қуриш ва мослаштиришдан иборатлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбирда давлат органлари ходимлари, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 28.08.2023
- Кўришлар: 5044
- Чоп этиш