Миллий марказда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари бўйича ўқув курси бошланди

“Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитрат таъбири билан айтганда, “хотин-қизлар – бу миллат оналаридир”. Улар миллатнинг янги насли – фарзандларини тарбиялаш учун ўзлари ҳам юксак билимли бўлишлари зарур. Шундай экан, олдимизда турган яна бир муҳим вазифа – жамият ҳаётининг барча соҳаларида аёллар учун тенг имкониятлар яратишдир”.

Ушбу фикрлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида таъкидланган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида 6 сентябрь куни Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Республика маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган “Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда халқаро ва миллий механизмлар” мавзусидаги ўқув курси очилишида давлатимиз раҳбарининг мазкур нутқи мазмун-моҳияти ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов тингловчиларга ўқув курсидан кўзланган асосий мақсад ва вазифалар ҳақида атрофлича тушунча берди. Мамлакатимизда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий тизими яратилганини қайд этди.

Бу миллий тизим олтита йўналишдан иборат. Хусусан, биринчидан, зарур ҳуқуқий база яратилган; иккинчидан, тегишли институционал тизимга асос солинган; учинчидан, бу борада муайян ўқув-тарбия ишлари йўлга қўйилган; тўртинчидан, соҳага оид қонунлар ижросининг мониторинги таъминланмоқда; бешинчидан, фуқаролик жамияти институтларининг имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда; олтинчидан, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ҳамкорлик изчил амалга оширилмоқда.

Ўқув курси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури доирасида ўтказилмоқда. Бунда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш  маркази ходимларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсиялари юзасидан билимларини ошириш, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларни бартараф этишга тааллуқли чора-тадбирлар самарадорлигини таҳлил қилиш бўйича кўникмаларини оширишга асосий эътибор қаратилмоқда.

Офлайн ва онлайн тарздаги машғулотларда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази, унинг ҳудудий бўлимлари ва намунали туманлараро марказлари директорлари ҳамда ҳуқуқшунослари – жами 50 нафар тингловчи иштирок этмоқда. Ўқув курсининг биринчи куни Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази директори Муқаддам Расулова сўзга чиқди.

Дастур доирасида, шунингдек, “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар ва ҳимоя қилиш механизмлари”, “Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари: халқаро ва миллий механизмлар”, “Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар, зўравонлик содир этган шахслар билан ўтказилаётган профилактика ишлари ҳақида”, “Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга ёрдам бериш ва жиноятчиларни жавобгарликка тортиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар” мавзуларида маърузалар тингланди.

Маърузалар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Республика маркази экспертлари томонидан тақдим қилинмоқда. Тингловчилар ҳузурида сўзга чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги мутахассислари ҳам таклиф этилган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech