Сангардак – тошлар билан ўралган манзил, дегани. Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида шундай номдаги хушманзара қишлоқ бор. Бу ердаги Сангардак шаршараси денгиз сатҳидан 3 минг метр баландликдан отилиб турган табиатнинг ноёб мўъжизасидир.
Албатта, “шаршара” сўзи тилга олинганда, кўпчилик мактаб дарслигидаги ўша машҳур Ниагара шаршарасини хаёлдан ўтказади. Шу ўринда “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ”, деган ҳикматли нақлни қўллаш айни муддао, деб ўйлайман.
Нега? Чунки Сангардак шаршарасининг Ниагара шаршарасидан фарқ қиладиган бир қатор ўзига хос хусусиятлари бор. Яъни:
биринчидан, Ниагара шаршарасининг баландлиги 57 метр бўлса, Сангардак шаршараси 150 метрдан зиёд баландликдан қояларга урилиб оқади;
иккинчидан, Ниагара шаршарасини шу номдаги дарё шакллантирган бўлса, аксинча, Сангардак шаршараси тоғ дарёсидан эмас, балки ғорлар ичидаги ер ости дарёларидан сув ичади;
учинчидан, Ниагара шаршараси XVII асрда француз мустамлакачилари томонидан кашф этилган бўлса, Сангардак шаршараси XVI асрдан бери халқимизга ва хорижий меҳмонларга ҳам маълуму машҳур.
Қиссадан ҳисса шуки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Сариосиё туманидаги дунёга машҳур Сангардак шаршарасига яқин ҳудудда барча қулайликларга эга замонавий санаторий барпо этиш юзасидан зарур вазифаларни белгилаб берганди. Мазкур топшириқ асосида атиги уч йил ичида осмонўпар тоғлар қўйнида замонавий ва миллий меъморий ечимлар асосида етти қаватли соғломлаштириш маскани – 200 ўринли "Сангардак" санаторийси қад ростлади.
Шу маънода, жаҳон андозалари талаблари даражасида барпо этилган мазкур соғломлаштириш маскани Президентимиздан халқимиз учун муносиб туҳфа бўлди. Бу муҳташам сиҳатгоҳ, таъбир жоиз бўлса, Мустақиллигимизнинг 32 йиллигига аталган ўзига хос байрам совғасидир.
16 сентябрда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар ва маҳалла фаоллари, устоз ва мураббийлар, таниқли ижодкорлар ва ёшлар билан биргаликда камина ҳам бетакрор табиат бағридаги ана шу мўъжизавий масканнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этдим. Фурсатдан фойдаланиб, бу борадаги таассуротларимни газетхонлар билан мухтасар баҳам кўрмоқчиман.
Аввало, давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан мамлакатимизда “Инсон қадри учун” деган бош тамойил асосида инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-моддасида “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” деган норма белгилангани бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Узоққа бориб юрмасдан, Янги Ўзбекистоннинг янги иншооти бўлган "Сангардак" санаторийсининг бунёд этилиши билан боғлиқ ҳаётий воқеликнинг асл моҳиятига бир назар солайлик. Бу улуғвор бунёдкорлик самараси тимсолида, бир томондан, давлатимиз том маънода ижтимоий давлат мақомига муносиблиги таъкидланаётган бўлса, иккинчи томондан, жамиятимизда инсон қадри ва манфаатлари ҳамма нарсадан устунлиги амалда намоён этилмоқда.
Яқинда тасдиқланган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида жами 100 та мақсад, 369 та чора-тадбир, 190 та вазифа, 306 та мақсадли кўрсаткич бажарилиши ва бу борада 118 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши кўзда тутилган. Ушбу дастуруламал ҳужжатнинг ижросидан юртимиздаги ҳар бир инсонга – қулай имконият, муайян енгилликлар, моддий ва маънавий манфаат етса, ўз навбатида, ҳар қайси оила ва хонадон ободлик, тўкинлик, файз ва барака топади.
Аслида ҳам, сўнгги йилларда аҳолининг муносиб турмуш кечириши, саломатлигини тиклаши ва дам олиши учун зарур шароитларни яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Шунинг учун жойларда янгидан-янги сиҳатгоҳлар барпо этилмоқда, мавжуд санаторийларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, қабул қуввати оширилмоқда, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш ишлари доимий эътиборда турибди.
Шу ўринда пурвиқор тоғлар бағрида “Сангардак” санаторийси қурилишига айнан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси бош-қош бўлгани жуда аҳамиятлидир. Бинобарин, энг кўп сонли ушбу нуфузли жамоат бирлашмаси кейинги даврда Янги Ўзбекистоннинг чинакамига янги касаба уюшмалари ташкилотига айланди.
Айни вақтгача Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида 30 дан ортиқ санаторий фаолият кўрсатаётганди. Шундай масканлар сони бугун "Сангардак" санаторийси ҳисобига яна биттага кўпайди.
Тоғ иқлими, табиатининг шифобахш хусусиятига кўра, юқори нафас йўллари, аллергия, астма, асаб, юрак қон-томир, урологик, гинекологик, ҳаракат-таянч тизими касалликларини даволашга ихтисослашган “Сангардак” санаторийси қурилиши билан боғлиқ қуйидаги далиллар алоҳида диққатимни тортди:
- ушбу замонавий сиҳатгоҳ Ўзбекистоннинг энг жанубий ҳудудида – Термиздан деярли 200 чақиримлик масофадаги Сариосиё туманида жойлашган;
- майдони 3,16 гектарни ташкил этадиган бу дам олиш маскани денгиз сатҳидан 1 минг 500 метр баландликда қад ростлаган;
- етти қаватли бинодан иборат муҳташам санаторийни барпо этиш учун қия рельефли майдонларда мураккаб шароитдаги қурилиш ишлари амалга оширилган;
- мажмуага 4 километр масофадаги тоғлар қўйнидан махсус қувурлар орқали ичимлик сув тортиб келинган;
- соғломлаштириш маскани ташхислаш ва даволаш, саломатликни тиклаш ва турли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилувчи энг сўнгги русумдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар, юқори сифатли мебеллар билан жиҳозланган;
- бу ерда дам олувчилар учун физиотерапия ва сув билан даволаш бўлимлари, шифобахш туз ғори, лаборатория, жисмоний тарбия, балчиқ ва парафин билан даволаш, гидроаэроионизация хоналари, ёпиқ сузиш ҳавзаси, турк ҳаммоми хизматларидан фойдаланиш шароитлари яратилган;
- санаторийда кутубхона, маданият саройи, теннис хоналари, мазали ва дармондориларга бой таомлар тайёрланадиган ошхона, болалар ўйингоҳи ҳам бунёд этилган.
Мутасаддилар қайд этишича, янги санаторийда яратилган шарт-шароитлар ҳар йили 6 минг 400 нафар фуқаронинг саломатлигини тиклаш ва соғломлаштириш имконини беради. Шу билан бирга, соғломлаштириш масканида 150 дан ортиқ киши иш билан таъминланди. Тантанали маросимда санаторий тасарруфига автобус ва енгил автомашина топширилганига ҳам бевосита гувоҳ бўлдик.
Энг асосийси, “Сангардак” санаторийси жойлашган ҳудуд жуда баҳаво ва салқин. Унинг тўрт тарафидан Ҳисор тоғ тизмалари, шарқираб оқаётган сойлар худди кафтдагидек кўриниб туради. Бундай бебаҳо табиат неъматлари дам олувчиларга хуш кайфият бағишлаб, саломатликларини мустаҳкамлашда муҳим омил экани тайин.
Мухтасар айтганда, улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий бобомиз Темурийзода подшоҳ Султон Ҳусайн Бойқаро ҳазратлари билан маслаҳатлашган ҳолда, улкан қурилишлар ва кўплаб савобли амалларнинг бошида тургани тарихдан яхши маълум. Донишманд мутафаккир саъй-ҳаракатлари билан бунёд этилган “Ихлосия”, “Шифоия” мадрасалари, “Халосия”, “Жамоатхона” ва “Зиёратгоҳ” ҳонақолари узоқ йиллар давомида халқ хизматида бўлган.
Шу нуқтаи назардан, муҳташам ва мўъжизавий "Сангардак" санаторийсининг ташаббускори ҳисобланувчи муҳтарам Юртбошимиз ва барча бунёдкор юртдошларимиз улуғ боболаримиз каби бемисл савобга дохил бўлдилар. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Барча орзу-ният ва интилишларимиз, машаққатли меҳнатимиз, кечани – кеча, кундузни – кундуз демасдан амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимиз – ҳамма-ҳаммаси бизга катта умид билан боқиб турган халқимиз учундир”.
Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
«Халқ сўзи» газетасининг 2023 йил 26 сентябрь кунги 201 (8544)-сони
- Қўшилди: 26.09.2023
- Кўришлар: 3577
- Чоп этиш