Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасида Миллий таълим дастури ижроси тўғрисида ахборот эшитилди

Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ҳамда Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг 2023 йил 27 сентябрь куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий таълим дастури ижроси юзасидан ахборот эшитилди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, экспертлар, журналистлар иштирок этди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” 7 та йўналиш ва 30 та банддан иборат экани, шундан 2 та банд (1, 9-бандлар) ўз муддатида амалга оширилгани, қолган 28 та банд ҳозирда амалга оширилаётгани таъкидланди.

Мамлакатимиз вилоят ва шаҳарларида “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида “Прокурор ва ёшлар”, “Судья ва ёшлар”, “Адлия раҳбари ва ёшлар”, “Мажбурий ижро бюроси ва ёшлар билан ишлаш бўйича раҳбар”, “Давлат хавфсизлиги ва ёшлар билан ишлаш бўйича раҳбар” учрашувлари ташкил этилди. Республика бўйлаб ташкил этилган учрашувларда 8 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” фани доирасида “Ахборот соати” ва “Ахлоқ соати” мавзуларида учрашувлар ташкил этилиб, унда офицерлар, сержантлар ва курсантлар, талабалар, муддатли ҳарбий хизматчилар, жами 500 дан ортиқ киши қатнашди.

Қисқа муддатли малака ошириш курслари жадвали, қийноқларга қарши курашиш бўйича суриштирув, тергов, дастлабки тергов органлари ва озодликдан маҳрум қилиш жойлари ходимлари учун ўқув дастури ва модули ишлаб чиқилди. Режа асосида ҳудудларда миллий ва халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда “Қийноқларга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида курслар ташкил этилди. Ўқув курсларида ҳар бир ҳудуднинг тергов, суриштирув, дастлабки тергов ва пенитенциармуассасаларининг жами 470 нафар ходими иштирок этди.

Мамлакатимиз ҳудудларидаги ахборот-кутубхона марказларига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги 2 150 нусха адабиётлар юборилди.

Шу билан бирга, сенаторлар олиб борилган ўрганишлар асосида қатор муаммоларни аниқлади, жумладан, вазирлик ва идоралар томонидан “йўл харитаси”нинг айрим бандларини амалга оширишда сусткашликка йўл қўйилган, унинг амалга оширилиши тўғрисида ахборот берилмаган.

Кенг муҳокама давомида Сенат қўмиталари қўшма қарори қабул қилиниб, унинг доирасида Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш мақсадида вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда иш олиб бориш режалаштирилган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech