Педагогика университетида инсон ҳуқуқларига бағишланган учрашув ўтказилди

28 сентябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази маъсул ходимлари Ҳ.Мўминов ва М.Толипова билан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Ахборот-кутубхона маркази ходимлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги ҳамда Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланди.

Мулоқот аввалида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолияти ҳақида қисқача ахборот тақдим этилди. Давлатимиз раҳбари жорий йил 11 сентябрда тасдиқлаган “Ўзбекистон–2030” стратегиясида келгуси етти йилда таълимни янада ривожлантириш юзасидан янги вазифалар белгилаб берилгани хусусида сўз юритилди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури дорасида амалга оширилаётган ишларнинг самараларига эътибор қаратилди. Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги муносабати билан мазкур Декларациянинг ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларидаги нашрлари чоп этилган тўғрисида маълумот берилди.

 Ахборот-кутубхона маркази директори Комила Маҳмудова Педагогика университети факультетлари ва кутубхона фаолияти ҳақида батафсил тўхталди. Университет 1935 йилда ташкил топган бўлиб, унинг Ахборот-кутубхона маркази 54 минг 119 номдаги бир миллиондан  зиёд китоб фондига эга. Кутубхонада  фаолият юритувчи 20 нафар ходим 25 минг 420 нафар китобхонга  хизмат кўрсатмоқда.

Бу ерда китобхонлар учун қулай ва замонавий шароитлар яратилган. Хусусан, фойдаланувчиларга масофавий хизмат кўрсатиш мақсадида телеграм ижтимой тармоғидаги armat.tdpu.uz саҳифасига 53 минг 915 номда 415,5 Gb ҳажмдаги адабиётлар жойлаштирилган.

Учрашув якунида кутубхона фондига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан инсон ҳуқуқларига оид 53 номдаги 260 та адабиёт беғараз топширилди.

          

 Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech