11 октябрь куни Наманган давлат университетида худди шу мавзуда талабалар билан учрашув бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Наманган вилояти бошқармаси ташаббуси билан ташкил этиган ушбу тадбирда талабалар билан бир қаторда олий таълим маскани профессор-ўқитувчилари, ижодкорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этиб, тадбир қатнашчиларига аввало Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ янги моддаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, жорий йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги бутун дунёда, шу жумладан, мамлакатимизда ҳам кенг нишонланаётгани хусусида атрофлича тўхталди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Иброҳим Ҳожиев йиғилганларга Агентликнинг фаолияти тўғрисида мухтасар маълумот тақдим этди. Бугунги кунда Президентимизнинг ташаббуси билан ижтимоий йўналиш бўйича мамлакатимизда янги тизим ташкил этилгани, ушбу тизимнинг фаолият кўлами нечоғлик кенглиги ва самарадорлиги ҳақида фикр юритди.
Тадбир якунида Университетнинг ахборот-кутубхона марказига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан нашр этилган ҳуқуқий адабиётлар тақдим этилди. Бу китоблар асосан инсон ҳуқуқлари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва ижтимоий ҳимоя мавзуларига бағишланган бўлиб, ёшлар ҳамда устоз педагогларга манзур бўлди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 11.10.2023
- Кўришлар: 3648
- Чоп этиш