ЮКСАК ҲУҚУҚИЙ ОНГ МУҲИТИ

ЖАМИЯТДА ҚИЙНОҚ ВА ЗЎРАВОНЛИККА ЧЕК ҚЎЯДИ

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Шу боис, ривожланишнинг юқори чўққиларини кўзлаб илгарилаётган ҳар бир давлат бу масалага устувор аҳамият қаратади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам бу йўналишда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янги таҳрирдаги Конституциямизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида муҳим чора-тадбирлар белгиланган. Айни пайтда Бош қонунимизда ўз аксини топган муҳим тамойилларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилаётир.

Инсон ҳуқуқи ҳақида гап кетганда, қийноқ ва зўравонлик ҳолатларига қарши курашиш масаласи доимо кун тартибига кўтарилади. Бу бежиз эмас. Бугунги глобаллашган дунёда инсон эрки ва ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида замонавий тизим яратилганига қарамай, ҳалиҳануз муаммолар учраб турибди. Инсон эрки ва ҳуқуқига рахна солувчи бундай нохуш ҳолатлар жамият ривожи, тинчлик ва тараққиётга жиддий тўсиқдир. Шу боис, жаҳон ҳамжамияти бундай ҳолатларнинг олдини олиш, адолатли, эркин ва фаровон дунёни барпо этишга интилиб келади.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва БМТнинг қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенцияси ана шундай глобал муаммоларга қарши курашишга йўналтирилган муҳим ҳужжатлардир. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари қаторида Ўзбекистон ҳам бу ҳужжатларга қўшилган ва мажбуриятларини изчил бажариб келмоқда. Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам бу борада устувор вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги қатъий белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, Жиноят кодексида ҳам бундай муомала ҳамда жазо турларини қўллаш учун жавобгарлик назарда тутилган. Бу, ўз навбатида, БМТнинг қийноқларга қарши конвенцияси талабларига тўлиқ мос келади.

Айни пайтда бу йўналишдаги ишларни халқаро андозалар даражасида ташкил этишга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Шу мақсадда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда қийноқларнинг олдини олиш борасида тизимли иш олиб бориляпти. Бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда жазони ижро этувчи муассасалар фаолиятини назорат қилиш бўйича Омбудсман институтининг ваколатлари мустаҳкамлаб қўйилди. Қийноқларнинг олдини олишдаги фаолиятни такомиллаштириш бўйича миллий превентив механизмлар жорий этилди.

Унга кўра, омбудсманга жазони ижро этиш муассасаларига кириш ҳамда мониторинг олиб бориш ваколати берилди. Биргина 2021 йилнинг ўзида омбудсман томонидан жазони ижро этиш муассасаларига жами 177 та мониторинг ташрифи амалга оширилган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилда 381 тани ташкил этди.

Президентимизнинг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишларда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Айни пайтда бу жабҳада миллий ва халқаро ҳужжатлар тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмлари изчил такомиллаштириляпти. Шу билан бирга, жамиятимизда қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумэътироф этилган принцип ва нормаларига мувофиқлаштириш бўйича иш олиб борилаётир.

Жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан соҳадаги миллий таълим дастури доирасида қийноққа солишга қарши курашиш бўйича терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этиляпти. 2023 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида Тошкент, Бухоро ва Фарғона вилоятларида ички ишлар ҳамда прокуратура органларининг қарийб 200 нафар ходими ушбу ўқув курсларида малака оширди.

Қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгартиришлар шахсларнинг, айниқса, маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини, шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлашга замин яратмоқда. Озодликдан маҳрум этиш жойларида маҳкумларни сақлаш шароитларини инсонпарварлик нуқтаи назаридан янада яхшилашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хулоса шуки, қийноқ ва бошқа шафқатсиз муомала турлари содир этилиши асло мумкин эмас. Бундай натижага эришиш ва бу борада қонун устуворлигини таъминлаш учун эса жамиятда ҳуқуқий онг тафаккурни юксалтириш, бундай иллатларга қарши тоқатсиз муносабатни шакллантириш лозим. Зеро, ҳуқуқий демократик жамият барпо этишда ўз ҳуқуқи ва бурчини теран англайдиган, масъулиятини тўла ҳис этадиган, шу билан бирга, теварак-атрофдаги воқеаларга дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган инсонларнинг фаоллиги ва ташаббускорлиги муҳимдир. Ана шундагина ўз олдимизга қўйган эзгу мақсад — адолатли ва фаровон жамият, юксак тараққий этган демократик давлат барпо этишга эришамиз.

Салоҳиддин ҲАМРОЕВ,

Ички ишлар вазирлигининг Ташкилий департаменти катта юрисконсульти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech