Янги Ўзбекистон – ҳуқуқий давлатнинг фидойи ҳуқуқшуноси

Янги Ўзбекистон – ҳуқуқий давлатнинг фидойи ҳуқуқшуноси

(профессор Мирзаюсуф Рустамбоевнинг илмий-амалий фаолиятига бир назар)

 

Мамлакатимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ёқлаб овоз берди. Бу, ўз навбатида, янгиланган Бош қомусимизда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганлигидан яққол далолатдир.

Янги таҳрирдаги Конституция “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишнинг мустаҳкам сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратди. Янада муҳими, у  миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида “шахс – жамият – давлат”ни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Эндиликда Конституциямизнинг 1-моддасида давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуриш эканлиги қатъий белгиланди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди. Айниқса, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамлангани эътиборга сазовор.

Энг асосийси, янги таҳрирдаги Конституциянинг:

биринчидан, мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эгалиги;

иккинчидан, тўғридан-тўғри амал қилиши;

учинчидан, ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкили этишига тааллуқли конституциявий нормалар мустаҳкамлаб қўйилди. Эски таҳрирдаги матнда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллашга доир ушбу механизмлар мавжуд эмасди.

Асосий қонунимизнинг “Конституция ва қонуннинг устунлиги” бобидаги 15-16-моддалар янги ва эски матнидаги нормаларни ўзаро қиёсланса, бу фикрларимиз қанчалик ҳаққоний эканлиги ўз тасдиғини топади. Янгиланган Конституциянинг 15-моддасига мувофиқ:

“Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади”[1].

Шу ўринда 2023 йил 8 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинганини таъкидлаш лозим. Ушбу муҳим ҳужжат талаблари:

биринчидан, янгиланган Конституциямизни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш;

иккинчидан, унда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш;

учинчидан, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш;

тўртинчидан, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш мақсадларига қаратилган.

Фармонда белгиланганидек, “янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилади”[2].

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган янги, замонавий ва жуда муҳим нормаларнинг ҳаётга қатъий ҳамда изчил татбиқ этилиши, хусусан, судлар томонидан ана шу конституциявий қоидаларнинг тўғридан-тўғри қўлланиши юртимиз ва халқимиз тарихида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари ва қадр-қимматини улуғлаш борасида янги даврни бошлаб бермоқда. Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, “Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз”[3].

Шу маънода, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тайёрланишида ўз таклиф-тавсияларини берган барча юртдошларимизга ва хорижий ҳамда халқаро ҳамкорларимизга яна бир бор миннатдорчилик билдираман. Бинобарин, ушбу муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараёнга бефарқ бўлмаган барча ҳамкорларимизга ўз вақтида Конституциявий комиссия раиси номидан миннатдорлик мактублари юборилган.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, юридик фанлар доктори, профессор Мирзаюсуф Рустамбоевга, авваламбор, 2022-2023 йилларда Конституциявий комиссия таркибида яқин ҳамкорликда самарали ишлаганимиз учун катта раҳмат айтаман. Конституциявий ислоҳотлар асносида ушбу фидойи олим тавсия этган 35 та таклифнинг аксарияти янги таҳрирдаги Конституциямиз матнига тўлиқ ёки қисман киритилгани алоҳида таҳсинга сазовор, деб ҳисоблайман.

Мамлакатимиз илм-фани ва таълим-тарбия тизими фидойиси, зукко олим ҳамда таниқли давлат ва жамоат арбоби Мирзаюсуф Рустамбоев – Ўзбекистонда юридик фан ва юридик таълим ривожи йўлида ҳам илмий-назарий, ҳам ташкилий-педагогик асосларда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган миллий ҳуқуқшунос кадрларнинг энг пешқадамларидандир. Шунинг учун ушбу таниқли олим ва ташкилотчи раҳбарнинг серқирра, сермазмун ва сермаҳсул фаолияти ҳақида мухтасар сўз юритиш айни муддао бўлади, деган фикрдаман.

Биринчидан, Мирзаюсуф Рустамбоев – моҳир педагог. Олим 1979 йили Тошкент Давлат университетини (ҳозирги – Ўзбекистон Миллий университетини) битириб, шу олий ўқув юртида ўқитувчиликдан токи Тошкент давлат юридик институти (ҳозирда – Университет) ректоригача бўлган лавозимларда узоқ йиллар самарали фаолият юритди.

Иккинчидан, Мирзаюсуф Рустамбоев – юридик фанлар доктори илмий даражасини ёқлаб, профессор илмий унвонига сазовор бўлган таниқли ҳуқуқшунос олим. У яратган “Жиноят ҳуқуқи йўналиши бўйича илмий мактаб” жаҳон бўйича тан олинган. Ушбу илмий мактабдан ҳозирга қадар 11 нафар фан доктори ва 29 нафар фан номзоди етишиб чиқди. Бугунги кунда ҳам олимнинг кўплаб шогирдлари юридик фаннинг долзарб муаммолари бўйича муваффақиятли илмий тадқиқотлар олиб боришмоқда.

Учинчидан, Мирзаюсуф Рустамбоев – кўплаб юридик дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, монографиялар ва рисолалар муаллифи. Айниқса, олимнинг “Ўзбекистон Республикаси Жиноят ҳуқуқи курси” номли ўзбек ва рус тилларидаги 5 жилдлик китоби, қарийб 70 та дарслиги, 30 га яқин ўқув ва 30 дан ортиқ ўқув-услубий қўлланмалари, 15 та монографияси, салкам 40 та рисоласи, 160 тадан зиёд илмий мақоласи ҳамда 550 та атрофидаги илмий иши талабалар орасида қўлма-қўл бўлиб, илмий доираларда ҳам беҳад қадрланади.

Тўртинчидан, Мирзаюсуф Рустамбоев – жонкуяр давлат ва жамоат арбоби. Хусусан, у 2004-2009 йилларда Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатида турли қўмита ва комиссияларнинг масъулиятли фаолиятига раҳбарлик қилди. Олий таълим тизимининг кўзга кўринган вакили, иқтидорли илм-фан намояндаси сифатида давлат ва жамоат ишларида ҳамиша фаоллик кўрсатиб келмоқда.

Полковник М.Рустамбоевнинг биргина ҳозирги иш жойи – Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети бошлиғи лавозимидаги фаолиятини олайлик. Ушбу ихтисослашган олий таълим муассасасида курсантларнинг сифатли ва намунали таълим олишлари учун барча зарур шароитлар яртилгани натижасида Университетнинг илмий салоҳияти 2017 йилдаги 10 фоиздан – 2023 йилда 75 фоизга ўсган!

Албатта, профессор М.Рустамбоевнинг Ватанимиз илм-фани ва ёшларимиз таълим-тарбияси йўлидаги жонкуярлиги давлатимизнинг доимий эътиборида турибди. Хусусан, Мирзаюсуф ака “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист” фахрий унвони ва “Меҳр-саховат” кўкрак нишони, Иккинчи даражали “Шон-шараф” ордени каби юксак давлат мукофотлари билан тақдирлангани, ҳеч шубҳасиз, фидокорона хизматларига берилган муносиб баҳо ва эҳтиром ифодасидир.

Ўз навбатида, Мирзаюсуф Рустамбоев Туркия, Россия, Беларусь, Қозоғистон ҳарбий академияларининг медаллари ва кўкрак нишонлари, Олма-ота академиясининг фахрий профессори унвони билан тақдирлангани ҳам бежиз эмас. Бундай эътибор, албатта, таниқли ўзбек олими юридик фан ва таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ишига муносиб ҳисса қўшаётганидан далолат беради.

Чиндан ҳам, кейинги йилларда полковник М.Рустамбоев раҳбарлик қилаётган Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети билан 24 та хорижий олий таълим муассасаси ўртасида англашув меморандуми ва ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Мирзаюсуф ака ана шу ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш мақсадида АҚШ, Франция, Хитой, Жанубий Корея каби бир қатор хорижий мамлакатларда хизмат сафарида бўлган.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг янгиланган конституциявий-ҳуқуқий заминида миллий тараққиётнинг асосий йўналишларини такомиллаштириш, шиддатли ва кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш давр талабига айланди. Шу муносабат билан мамлакатимизда мустақилликнинг ўтган 32 йили мобайнида биринчи маротаба 7 йилга мўлжалланган узоқ муддатли ва қамровдор миллий тараққиёт дастури, яъни “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди.

Ушбу дастуриламал ҳужжатда жами 100 та мақсад, 369 та чора-тадбир, 190 та вазифа, 306 та мақсадли кўрсаткич бажарилиши ва бу борада 118 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши кўзда тутилган. Бу улуғвор ва шарафли вазифалар, шубҳасиз, юртимизнинг билимли ва тажрибали, матонатли ва жасоратли, оқибатли ва бағрикенг, ибратли ва бунёдкор барча инсонлари қатори профессор Мирзаюсуф Рустамбоев зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди.

Мухтасар айтганда, ҳурматли олимимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик, халқимиз фаровонлиги ва юртимиз равнақи учун Янги Ўзбекистонни бунёд этиш ва Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини тиклаш йўлида олиб бораётган шарафли фаолиятида ҳамда самарали илмий-ижодий ишларида омад ва муваффақиятлар тилайман. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президенти таъкидлаганидек, “Барчамизнинг фидокорона меҳнатимиз, ғайрату шижоатимиз билан Янги Ўзбекистон орзуси реал ҳақиқатга айланмоқда. Халқаро майдонда Ватанимизга нисбатан ҳурмат ва эътибор тобора ортиб бормоқда[4].

 

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори,

академик

«Халқ сўзи» газетасининг 2023 йил 14 октябрь, 218-сони

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кутубхонаси

 

[1] Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. – Тошкент: “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази, 2023. – Б. 9.

[2] Қаранг: Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.05.2023 й., 06/23/67/0269-сон.

[3] "Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас" – Президент/ 2022 йил 26 январь //https://yuz.uz

[4] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи// 31 Август 2023/ https://xs.uz/

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech