БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Универсал даврий ҳисоботи доирасида ўқув тренинги ўтказилди

16 октябрь куни Тошкент шаҳрида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Универсал даврий ҳисоботи доирасида кўриб чиқилиши режалаштирилган Ўзбекистоннинг 4-маърузасини эшитиш билан боғлиқ тадбир юзасидан симуляцион ўқув тренинги бўлиб ўтди.

Тренинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё учун Минтақавий бўлинмаси ҳамда “UPR info” халқаро ноҳукумат ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди. Ушбу ўқув тренинги жорий йил 6-17 ноябрь кунлари БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Универсал даврий ҳисоботи 44-сессиясида иштирок этиши режалаштирилган Ўзбекистон делегацияси вакиллари учун мўлжалланган.

Тадбир очилишида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё учун Минтақавий бўлинмаси раҳбари ўринбосари Фабио Пиана, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова сўзга чиқди.

Тренингда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги каби бир қатор масъул давлат органлари раҳбар ўринбосарлари иштирок этди. Ўқув машғулотининг иккита сессия доирасида халқаро экспертларнинг маърузалари тингланди ва очиқ муҳокамалар ўтказилди.

Хусусан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси, халқаро эксперт Артур Яцевич Универсал даврий ҳисобот доирасида Ўзбекистоннинг Тўртинчи миллий маърузасини кўриб чиқиш шартлари билан боғлиқ асосий элементлар тўғрисида маъруза қилди. Универсал даврий ҳисоботи механизмининг тамойиллари, ҳисоботни тақдим қилиниши жараёнлари ва унга қўйиладиган талаблар, аъзо давлатлар делегацияларининг сессияда иштироки билан боғлиқ масалалар тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Шунингдек, делегация аъзолари учун симуляцион сессия ташкил қилинди. “UPR info” ташкилотининг дастурлар бўйича эксперти Наргиза Арупова бошқарган ушбу сессия делегация аъзоларига БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Универсал даврий ҳисоботи сессиясида ишчи гуруҳи йиғилииши ва маърузани кўриб чиқиш пайтида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши томонидан қўлланадиган процедуралар билан танишиш имконини берди.

Тренинг давомида иштирокчилар Универсал даврий ҳисобот механизмининг моҳиятини тўлиқ тушуниш ва сессия давомида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолари томонидан бериладиган саволларга олдиндан жавобларни тайёрлаш ҳамда делегация аъзолари орасида тақсимлаш имкониятига ҳам эга бўлдилар.

Симуляцион сессия тадбир иштирокчилари учун БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Универсал даврий ҳисобот доирасида Ўзбекистоннинг 4-маърузасини кўриб чиқишда иштирок этишга олдиндан тайёргарлик кўриш борасида манфаатли бўлди.

Маълумот учун: “UPR info” ННТ фаолияти БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг алоҳида механизми бўлган Универсал даврий ҳисоботи ҳақида маълумот алмашишга қаратилган. Унинг мақсади БМТга аъзо 193 давлатнинг ҳар бирида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилашдир.

Шу йил 31 март куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси Марказий Осиё учун Минтақавий бўлинмаси “UPR info” ННТ билан биргаликда Ўзбекистоннинг Универсал даврий ҳисоботи 4-цикли бўйича “Универсал даврий ҳисоботини амалга ошириш бўйича миллий ҳисоботни тайёрлашнинг энг яхши амалиётлари” мавзусида онлайн тренинг ўтказган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech