Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

Жорж Дракопулос: Самарқанд дунё тан олган туризм мегаполисига айланмоқда (+видео)

Самарқанд мезбонлик қилётган халқаро форумда қандай долзарб масалалар кўрилмоқда?

Президент Шавкат Мирзиёев туризм соҳаси бўйича билдирган таклифлар юзасидан хорижий экспертларнинг фикри қандай?

ЎзА мухбири айни саволларга жавоб олиш мақсадида форумда иштирок этаётган халқаро делегация вакилларининг фикрлари билан қизиқди.

– Ўзбекистонда сўнгги йилларда бутунлай янги тизим асосида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар бугун чет элларда ҳақли равишда эътироф этилмоқда, – дейди Грециядаги “Tourism generis” компанияси раҳбари Жорж Дракопулос. – Шунинг учун ҳам мамлакатингизни ўз кўзи билан кўришга ҳавасманд кишилар тобора кўпаймоқда. Самарқанд ҳақида гап кетганда, ҳар бир грециялик, аввало, қадимий Буюк Ипак йўлини ёдга олади.

Кеча Самарқандда БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеяси тарихий 25-сессиясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қатор таклифларни илгари сурди.

Эътиборли жиҳати, Самарқанд шаҳрига “Бутунжаҳон маданий туризм пойтахти” мақомини бериш тўғрисида декларация қабул қилинди. Ўзбекистон салкам юз мамлакатдан визасиз кириш тизимини жорий этган. Яна 55 давлат фуқаролари учун соддалаштирилган электрон виза тартиби амалда. Айни чора-тадбирлар ўлкангизга сайёҳлар оқимини янада ошириши шубҳасиз.

– Форум юксак савияда ташкил этилган, – дея гап бошлайди Африка қитъасининг Уганда давлати Туризм кенгаши директори Вивиан Лази. – Самарқанд ушбу тадбирга мезбонлик қилиш учун энг муносиб эканлигига яна бир бор амин бўляпман. Одамлари меҳмондўст, таомлари ва маданияти ҳақида эса фақат илиқ фикр билдириш жоиз. Ҳаммаси жуда ажойиб!

Кеча БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеяси очилиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган таклифларни таҳлил қилиб кўрсак, Ўзбекистон яқин келажакда туризм соҳасида улкан ютуқларга эришади, деб бемалол ишонч ҳосил қилиш мумкин.

ЎзА форум воқеаларини кузатиб боради.

Ў.Алимов,

Н.Абдувоитов (видео),

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech