АОКАда ўтказилган брифнгда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ахборот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев ушбу форум ҳақида батафсил маълумот берди:
Жорий йилнинг 23 октябрь куни Тошкент шаҳрида «Ёшлар ҳуқуқлари: имкониятлар ва ҳимоя қилиш механизмлари» мавзусида халқаро форум бўлиб ўтади.
Ушбу халқаро анжуман дунё ҳамжамияти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти куни деб эълон қилинган тарихий сана – 24 октябрь арафасида ўтказилаётганида ўзига хос рамзий маъно бор. Яъни, Тошкент халқаро форуми Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена бутунжаҳон конференциясининг 30 йиллигига бағишланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 майдаги Фармони билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури”да айни мавзуда халқаро форум ўтказиш кўзда тутилган. Бу – давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда ёшлар масаласи бўйича илгари сурган 20 дан ортиқ миллий, минтақавий ва халқаро ташаббуслардан биридир.
Онлайн ва офлайн тарзда ўтадиган халқаро форумнинг асосий миллий ташкилотчиси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳисобланади. Шунингдек, мамлакатимиздаги барча давлат ва нодавлат ёшлар ташкилотлари халқаро анжуманга фаол жалб этилмоқда.
Халқаро форумни ташкил этишда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, Олий комиссар Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси офиси, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Фридрих Эберт фонди каби халқаро шериклар билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Тошкент халқаро форумининг асосий мақсадлари, жумладан:
▪ ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш учун халқаро ҳамда минтақавий восита ва механизмларнинг қўлланилиши соҳасини холис таҳлилдан ўтказиш;
▪ ёшлар ҳуқуқлари ва имкониятларини ҳимоя қилиш механизмларининг самарадорлигини ошириш бўйича ўзаро фикр алмашиш;
▪ ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муҳимлиги борасида жамиятнинг хабардорлигини ошириш;
▪ ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг энг мақбул амалиёти ва самарадор механизмларини муҳокама қилиш ҳамда бу йўналишдаги илғор тажрибаларни ўрганиш;
▪ ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган сиёсат ва қонунчиликни тарғиб этиш ҳамда қўллаб-қувватлаш;
▪ давлатлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти ва ёшлар ташкилотлари ўртасида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўмаклашишдан иборат.
Халқаро форумда якуний ҳужжат – Марказий Осиё ёшларининг ҳуқуқлари тўғрисидаги декларация қабул қилиниши режалаштирилмоқда. Унда Форумнинг асосий натижалари ва амалий тавсиялари ўз мужассамини топади.
Форумда миллий ва хорижий экспертлар, ёшлар ташкилотлари етакчилари, ёшлар парламентлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари қатнашади.
- Қўшилди: 20.10.2023
- Кўришлар: 3140
- Чоп этиш