Тошкент шаҳрида “Ёшлар ҳуқуқлари: имконият ва ҳимоя қилиш механизми” мавзусидаги халқаро форумнинг очилиши ноанъанавий тарзда – маънавий-бадиий саҳна кўриниши билан бошланди. Муҳташам мажлислар зали узра Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Инсон” қасидаси иқтидорли ёшлар ижросида ўзбек, инглиз ва рус тилларида янгради.
Ушбу халқаро анжуман дунё ҳамжамияти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти куни деб эълон қилинган тарихий сана – 24 октябрь арафасида ўтказилаётганида ўзига хос рамзий маъно бор.
– Анжуман Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 75 йиллиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена бутунжаҳон конференцияси 30 йиллигини кенг нишонлаш доирасида бўлиб ўтмоқда, –деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов.– Аҳолисининг қарийб ярмини ёшлар ташкил этадиган минтақамизда ёшлар ҳуқуқини таъминлаш йўлидаги бирдамлик, ҳамкорликни рамзий ифодалаши баробарида мазкур тадбир Президентимизнинг БМТ Бош Aссамблеяси 78-сессиясида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича Ишчи гуруҳ ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусини амалга ошириш мақсадида ўтказилаётгани билан аҳамиятли.
Онлайнва офлайн шаклда ўтказилаётган форумда минтақамиз мамлакатларидан 500 дан ортиқ ёш, жумладан ёшлар парламенти аъзолари, ёшлар ташкилотлари етакчилари ва фаол навқирон инсонлар, шунингдек, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги олий таълим муассасалари талабалари қатнашмоқда.
Муҳими, ушбу маслаҳатлашувлар натижасидан 2023 йил декабрь ойида Женевада ўтадиган юқори даражали тадбирда тақдим этилиши режалаштирилаётган “Ёшлар ҳуқуқлари-75” декларацияси лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилади.
Иштирокчиларни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи видеомурожаат орқали табриклади.
Ёшларни БМТ Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси номидан ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги вакили вазифасини бажарувчи Жофри Ижумба ЕХҲТ амалдаги раиси Ёшлар масалалари бўйича махсус вакили Мемет Жаку ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси вакили Муҳаммад Лавал Сулаймон ҳам қутлади.
Сўзга чиққанлар форум ёшлар ҳуқуқи ва имкониятини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш механизми бўйича зарурий билимга эга бўлиш, ўзаро тажриба алмашиш, долзарб ғоя ва лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун қулай ахборий-маърифий, амалий муҳокама-мунозара майдонига айланишига ишонч билдирдилар.
Халқаро анжуман давомида сиёсатчилар, жамоат арбоблари, илмий-академик доира намояндалари ва тадбиркорлар, Ўзбекистон ва дунё ёшлари вакиллари ўртасида бўлиб ўтадиган жонли мулоқотлар муҳим аҳамият касб этади.
Учта ялпи мажлис кўринишида давом этган форумда миллий ва хорижий экспертлар, Марказий Осиё мамлакатлари ёшлар ташкилотлари етакчилари, ёшлар парламентлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, ёшлар ҳуқуқи бўйича халқаро, минтақавий ташкилотлар вакиллари – жами 800 нафардан зиёд ўғил-қиз фаоллик кўрсатмоқда.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА
- Қўшилди: 23.10.2023
- Кўришлар: 3192
- Чоп этиш