ЭКОЛОГИЯ ВА БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ

Бугунги кунда экологик таҳдидлар – бир томондан, ҳозирги даврга хос глобал хатарлар ҳисобланса, иккинчи томондан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жиддий муаммолар қаторига киради. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ўз тарихида илк бор мусаффо, соғлом ва барқарор атроф муҳит – бу инсон ҳуқуқларининг узвий қисми, деб эътироф этгани ҳамда бундан икки йил олдин бу соҳада Махсус маърузачи мақомини таъсис қилгани худди шу омиллар билан изоҳланади.

Глобал офат – COVID-19 пандемияси дунё давлатларининг табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги кўп томонлама шартнома ва битимлар, жумладан, 2030 йилгача даврдаги Кун тартиби, Париж битими каби ўзаро келишувларда зиммасига олган мажбуриятлари бажарилишига жиддий халал бергани сир эмас. Аксарият мамлакатларда ушбу йўналишдаги вазифаларнинг молиялаштирилиши ва бажарилиши зарур даражада таъминланмаяпти.

Марказий Осиё мамлакатлари ҳам иқлим ўзгаришлари ва экстремал об-ҳаво ҳодисалари олдида заиф экани сезилди. Ҳозирги вақтда сув тақчиллиги экинларни суғориш имкониятларини чекламоқда, оқибатда бўлажак ҳосил бой берилмоқда. Бу, ўз навбатида, озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланишини хавф остига қўймоқда.

Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқида БМТнинг янги экологик сиёсати асосларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари сурганини таъкидлаш ўринлидир. Шу янгиланишлар талабидан келиб чиққан ҳолда, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирланадиган фаоллар сафини “Экология ҳуқуқи ҳимоячиси” номинацияси ғолиблари ҳисобига кенгайтириш чоралари кўрилди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, сайёрамиздаги ҳар бир бола ва ўсмир тоза, соғлом, барқарор атроф-муҳитда яшашга ҳақли. Аммо, “Zamin” фонди ва ЮНИСЕФ томонидан ўтказилаётган форумларда ташвиш билан ва асосли равишда таъкидлаб келинаётганидек, ушбу ҳуқуқ ҳақидаги илҳомбахш гаплар ва бутун дунёдаги миллионлаб болалар кундалик ҳаётида дуч келаётган воқелик ўртасида катта масофа мавжуд.

Бугунги кунда ифлосланган ҳаво ҳар йили 600 мингдан зиёд боланинг ҳаётига зомин бўлмоқда, шунингдек, юз миллионлаб бола хавфсиз ичимлик суви ва тўйиб овқатланиш имкониятидан баҳраманд бўла олмаяпти. Болалар уларнинг ривожланиш жараёнларига зиён етказиши ва ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қўрғошин ва симоб каби заҳарли кимёвий моддалар таъсирини бошидан кечирмоқда.

Тадқиқотларга кўра, 2021 йилда туғилган болалар уларнинг 60 йил аввал туғилган бобо ва момоларига нисбатан 7 марта кўп аномал иссиқлик тўлқинларини, икки баробар кўп ўрмон ёнғинларини ва қарийб уч баробар кўп қурғоқчилик ҳолатларини бошидан кечирмоқда. Бу очиқ ва аччиқ ҳақиқат, ўз навбатида, болалар иқлим ўзгаришининг кенг кўламли оқибатлари олдида заиф эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Шу маънода, БМТ барча давлатларни болаларни иқлим ўзгариши таъсиридан ҳимоялашга чақиргани бежиз эмас. БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси яқинда БМТга аъзо давлатлар учун болаларнинг атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлашда нима қилишлари кераклиги ҳақидаги йўриқномани эълон қилди.

Жорий йил 28 августда эълон қилинган «Иқлим ўзгариши масалаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда болалар ҳуқуқлари ва атроф-муҳит тўғрисидаги 26-сонли умумий тартиб шарҳлари» деб номланувчи ушбу йўриқнома фавқулодда иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланишига бағишланган. Унда болалар ҳаёти ва истиқболларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, давлатлардан БМТ Қўмитасига болаларнинг экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ютуқлари ҳақида вақти-вақти билан ҳисобот беришлари талаб қилинади.

Яъни, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси биринчи марта Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга биноан аъзо давлатларнинг мажбуриятларини ҳар томонлама ифода этиш орқали болаларнинг тоза, соғлом ва барқарор муҳитга бўлган ҳуқуқини бевосита тасдиқлади. Ўз навбатида, сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқлим ўзгариши таъсирини камайтириш ва унга мослашиш, «яшил» иқтисодиётга ўтиш чораларини жадаллаштириш, «яшил» ва инклюзив иқтисодий ўсиш моделини тарғиб қилишга катта эътибор қаратилмоқда.

Бу борада, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 октябрдаги қарори билан 2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси тасдиқланган. Айни Стратегиянинг мақсади мамлакатимизда «яшил» иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, «яшил» инвестицияларни жалб қилиш, экологик инқирознинг салбий таъсирини юмшатишдир.

Шунингдек, 2021 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган БМТ Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенциясининг 26-йиғилишида (CОР26) Ўзбекистон томонидан Париж битими доирасида 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот бирлигида иссиқхона газлари эмиссиясини 2010 йилги кўрсаткичларга нисбатан 35 фоиз камайтириш бўйича қўшимча мажбуриятни ўз зиммасига олиши ҳақида баёнот берилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон 2030 йилга қадар метан эмиссиясини 2020 йилга нисбатан камида 30 фоизга камайтириш бўйича мамлакатларнинг жамоавий мақсадга эришиши бўйича глобал мажбурият тўғрисидаги ташаббусга (Global Methane Pledge) қўшилди.

Яна бир муҳим қадам: Президентимиз 2022 йил 2 декабрда “2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарорни имзолади. Бундан кўзланган мақсад 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишдир.

Бунда, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси доирасида «яшил» ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳамда иқтисодиётнинг барча тармоқларида ресурсларни тежашни янада кенгайтиришга эътибор қаратилмоқда.

Қарор асосида унда белгиланган стратегик мақсадларга эришиш учун, биринчидан, 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва «яшил» ўсишни таъминлаш дастури; иккинчидан, Саноат тармоқларида «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва энергия тежамкорлигини таъминлаш бўйича концепция; учинчидан, 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва «яшил» ўсишни таъминлаш бўйича ҳаракатлар режаси тасдиқланди.

Ушбу ҳужжатларда болаларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш масаласи қай даражада ўз аксини топган, деган савол туғилиши табиий. Бунга жавобан биргина ҳужжат – 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва «яшил» ўсишни таъминлаш дастуридан мисол келтирамиз.

Дастурда, жумладан, «Яшил» иқтисодиётга ўтиш даврида катта таъсир остида бўлиши мумкин бўлган аҳоли ва уларнинг яшаш жойларини қўллаб-қувватлашнинг устувор йўналишлари кўрсатилган бўлиб, ушбу йўналишлар таълим сифати ва натижадорлигини оширишни ҳам ўзида қамрайди. Бу ўринда болалар, ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг инклюзив таълимини таъминлаш, сифати ва қамровини ошириш ҳақида сўз бормоқда.

Ўз навбатида, мазкур Дастурнинг «Яшил» ўсиш бўйича салоҳиятни ошириш ва инсон капиталини ривожлантиришга оид устувор йўналишлари қаторида таълим ташкилотларининг тегишли ўқув режаларига «яшил» иқтисодиёт мавзуларини киритиш кўзда тутилмоқда. Бунда тегишли таълим ташкилотларида мавжуд фанлар доирасида «яшил» иқтисодиёт амалиёти ва тамойилларига оид мавзуларини киритиш вазифаси ҳам санаб ўтилганини таъкидлаш даркор.

Бундан бир ой аввал Ўзбекистон болалари ва ёшларини иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича ҳужжат имзолангани ҳам долзарб аҳамиятга эга. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан имзолангани ушбу ҳужжат “Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ва Ўзбекистон болалари ва ёшларини иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича Миллий стратегия” ҳамда унинг “Йўл харитаси”дир.

Миллий стратегия ташаббуси эко-фаоллар, шу жумладан, “Eco-schools Uzbekistan” лойиҳаси аъзолари томонидан илгари сурилган. ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде таъкидлаганидек, “Бу муҳим ҳужжат нафақат вазирлар, балки болаларнинг ўзи томонидан ишлаб чиқилди ва имзоланди. Биз ушбу стратегия ҳар бир бола ва ёш жамиятимиз фаровонлиги ва барқарорлигига ўз ҳиссасини қўшадиган истиқболли ривожланиш учун асос бўлишига ишонамиз”.

Мазкур стратегия болалар ва ёшларнинг иқлим ўзгаришига қарши курашишдаги ролини эътироф этиш, уларнинг соҳадаги фаол иштирокини таъминлаш, ўқув жараёнларида асосий эътиборни билим беришдаги муаммоларни ўрганиш ва ечимларни излашга йўналтиришни назарда тутади.

Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ва Ўзбекистон болалари ва ёшларини иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича Миллий стратегиянинг асосий вазифалари, жумладан:

  • “яшил” таълимни илгари суриш бўйича миллий сиёсат ва ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда зарур ўқув ресурсларини яратиш;
  • болалар ва ёшларнинг иқлим ўзгаришига қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ва фаоллаштириш учун турли манфаатдор томонлар ўртасида шериклик муносабатлари ва ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда авлодлар ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим ролини эътироф этиш;
  • мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида “яшил” ҳамжамиятни яратиш каби муҳим масалалардан иборат.

Энг муҳими, ушбу стратегия “яшил” таълим ва барқарор ривожланиш тизимини изчил шакллантириш учун таянч ҳужжат бўлиб хизмат қилиши лозим. Унда сифатли экологик таълимнинг асосий тамойиллари, яъни узлуксизлик, фанлараро боғлиқлик, фундаменталлик ва комплекслик принциплари қайд этилгани алоҳида аҳамиятга моликдир.

Мухтасар айтганда, юртдошларимиз иқлим ўзгариши замонамизнинг асосий таҳдидларидан бири экани, одамлар, айниқса ёшлар ва болаларнинг ҳаёт сифатига бевосита тасъсир кўрсатаётгани борасида якдил фикрда экани эътиборга лойиқ. Янада муҳими, давлатимиз ва жамиятимиз ушбу муаммони кечиктирмасдан ҳал қилиш учун зарур чораларни кўриш йўлидан изчил ҳамда дадил бормоқда.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech