Жорий йилнинг 23 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институтининг ташаббуси билан Барқарор ривожланиш маркази Тошкент вилояти бўлинмаси ҳамкорлигида “БМТ тизимидаги тузилмаларнинг халқаро ҳуқуқни таъминлаш борасидаги устувор вазифалари” мавзусида халқаро давра суҳбати ташкил этилди.
Унда БМТнинг Қийноққа қарши қўмитаси аъзоси Бахтиёр Тузмухаммедов, ИИВ академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Тошкент давлат юридик университети, Судьялар олий мактаби, Наманган, Самарқанд, Термиз давлат университети, Аграр университети профессор-ўқитувчилари, Барқарор ривожланиш маркази ходимлари, Давлат ва ҳуқуқ институти жамоаси иштирок этди.
Давра суҳбатини Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори Муроджон Турғунов кириш сўзи билан очиб берди. М.Турғунов ўз сўзида бугунги кунда инсон ҳуқуқларини таъминлашда халқаро ҳуқуқ меъёрларига риоя қилиш борасида янги Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, янгиланган Конституциямизда бу борада қатор янги конституциявий-ҳуқуқий нормалар белгилаб берилганлигини алоҳида таъкидлади.
Давра суҳбатида БМТнинг Қийноққа қарши қўмитаси аъзоси Бахтиёр Тузмухаммедовмаъруза билан иштирок этди. У ўз маърузасида БМТнинг тузилмавий органлари томонидан бугунги кунда амалга оширилаётган
чора-тадбирлар ҳақида фикрлар билдирди. Хусусан, халқаро ҳуқуқда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси томонидан давлатлар томонидан тақдим этилган йиллик маърузалар ҳамда Қийноққа қарши қўмитанинг вазифалари ҳамда фаолияти тўғрисида маълумотлар бериб ўтди.
Давра суҳбати давомида Давлат ва ҳуқуқ институтининг илмий ходимлари томонидан берилган саволларга Б.Тузмуҳаммедов томонидан асослантирилган жавоблар берилди.
Шундан сўнг, мартабали меҳмон Давлат ва ҳуқуқ институти фаолияти билан яқиндан таништирилди. Хусусан, Институт илмий ходимлари томонидан тайёрланган илмий, ҳуқуқий ва тарихий адабиётлар кўздан кечирилди. Келгусида ўзаро ҳамкорлик асосида қўшма илмий тадқиқотларни амалга ошириш ҳамда халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқулари соҳалари доирасида янги авлод адабиёт нашрларини тайёрлашга келишиб олинди.
Давра суҳбати якунида халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчилигимизда янада мустаҳкамлашга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
- Қўшилди: 25.10.2023
- Кўришлар: 3360
- Чоп этиш