Пойтахтимизда ташкил этилган Иккинчи миллий форумнинг айни шундай номлангани бежиз эмас. Бу мавзу Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган шиддатли ва илғор демократик ислоҳотларнинг иккита устувор вазифаси билан чамбарчас боғлиқ:
биринчиси – “Инсон шаъни ва қадр-қиммати йўлида” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш, барча етти йўналишнинг ўзаги ва боғловчи бўғини бўлган инсон шаъни ва қадр-қиммати, ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашнинг Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясидир;
иккинчиси – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қурмасдан тасаввур қилиб бўлмайдиган адолатли ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантиришдир.
Сўнгги етти йил ичида жамият ва давлат тараққиёти қонуниятлари, илғор хориж ва жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини ошириш нуқтаи назаридан қўлга киритилган муайян амалий ва аниқ натижалардан айримларига тўхталиш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Биринчидан, қарийб 350 та қонун, Ўзбекистон Президентининг 4 минг 400 тадан ортиқ фармон ва қарорлари, бир қанча миллий стратегия, концепция ва давлат дастурлари қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Улар орасида яқинда қабул қилинган:
- «Ўзбекистон — 2030» стратегияси;
- Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси;
- Барқарор тараққиёт соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар;
- Гендер тенгликка эришиш стратегияси;
- Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси;
- Миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсати концепцияси;
- БМТнинг «Ёшлар-2030» стратегиясига асосланган Давлатнинг ёшлар сиёсатини ривожлантириш концепцияси алоҳида ўрин тутади.
Иккинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг институционал механизмларини мустаҳкамлаш бўйича муҳим чоралар кўрилди. Хусусан:
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси ташкил этилди, Парламент Омбудсмани, Бизнес-Омбудсман, Болалар Омбудсмани, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ каби инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар мустаҳкамланди;
- Барқарор тараққиёт соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларига риоя этилишини таъминлаш бўйича Парламент комиссияси, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Миллий комиссия сингари бир қатор парламент институтлари фаолияти йўлга қўйилди.
Энг муҳими, жамоатчилик назорати ва ижтимоий шериклик институтлари изчил ривожланмоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари парламент ва парламент комиссиялари, шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда рўёбга чиқариш учун масъул давлат органлари фаолиятига кенг жалб этилмоқда. Шу тариқа жамиятимизда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва аҳамияти тубдан кучайди.
Учинчидан, ушбу соҳада мамлакат Президенти ва Ҳукуматининг 200 дан зиёд ҳужжати, бир қанча миллий стратегия, концепция ва дастурлар ишлаб чиқилди ҳамда қабул қилинди. Хусусан, касаба уюшмалар, волонтёрлик фаолияти, аёлларни таъқиб ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш, аёллар ва эркакларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари тенглигини кафолатлаш, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги ниҳоятда муҳим қонунлар қабул қилинди ҳамда ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда.
Шунингдек, мамлакат Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ижтимоий шериклик, жамоатчилик назорати, экологик назорат, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, давлатнинг ёшлар сиёсати тўғрисидаги қонунлар қабул қилинди.
Тўртинчидан, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтиришга қаратилган кенг қамровли ташкилий-ҳуқуқий чоралар амалга оширилди. Натижада бугунги кунда:
- нодавлат нотижорат ташкилотлари сони салкам 16 фоиз кўпайиб, 9 минг 800 тадан ошган бўлса, маҳаллалар сони қарийб
10 мингтага етди. Оммавий ахборот воситалари миқдори, 2016 йилги ҳолат билан солиштирганда, деярли 30 фоиз ўсди ҳамда ҳозирги вақтда
1 минг 962 тани ташкил этмоқда. Ўз навбатида, миллий ахборот маконидаги интернет-нашрлар икки баробар кўпайди ва 677 тага етди. Шу ўринда хусусий ОАВ жамият ҳаётида тобора муҳим ўрин эгаллаб бораётганини таъкидлаш лозим; - сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, экологик, маданий ва маърифий мақсаларга эришиш, шунингдек, Барқарор тараққиёт соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш борасида давлат органлари билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шериклик даражаси тубдан янги босқичга кўтарилди.
Бешинчидан, Давлат бюджетидан ижтимоий шерикликни қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган маблағлар миқдори беш баробардан зиёд ортди. Биргина 2022 йилнинг ўзида ижтимоий шерикликка қаратилган 700 тадан ортиқ дастур ва лойиҳалар давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда;
- Ўзбекистонда истиқомат қиладиган 130 дан зиёд турли миллат ва элатлар ўртасида тинчлик, дўстлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлашга хизмат қилиб келаётган миллий маданият марказларини илк бор сезиларли даражада молиявий рағбатлантириш йўлга қўйилди. Давлат субсидиясини оладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари сафи ногиронлиги бўлган шахслар, аҳолининг заиф қатламлари ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қиладиган фуқаролик жамияти институтлари ҳамда экологик нодавлат ташкилотлар ҳисобига янада кенгайди;
- мамлакатимизнинг 11 та минтақасида «Дўстлик ва НТТ уйи» ташкил этилган бўлса, яна 3 та минтақада шундай уйлар очилиш арафасида турибди. Қолаверса, 15 та «коворкинг маркази» иш бошлади. Нодавлат нотижорат ташкилотлари тизимида доимий асосда ишлайдиган ходимлар сони 52 минг нафар кишидан ошди.
Кейинги даврда нодавлат нотижорат ташкилотлари, айниқса, «Халқ – қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифидир» ҳамда «Барча муҳим қарорлар бевосита халқ билан мулоқот асосида ва жамоатчилик фикрини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади» деган принципларни ҳаётга татбиқ этишда сезиларли фаоллик кўрсатаётгани кўзга ташланмоқда.
Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан Конституциявий комиссия бошчилигида конституциявий ислоҳот ҳамда Асосий қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масалаларининг турли жиҳатларига бағишланган 100 тадан ортиқ миллий ва халқаро форум ўтказилди. Биринчи маротаба 200 тадан зиёд миллий ННТ Конституциявий қонун лойиҳасини жамоатчилик, гендер, бола ҳуқуқлари, инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва аксилкоррупция экспертизаларидан ўтказиш жараёнларида фаол иштирок этди.
Мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳот доирасида “Янги Ўзбекистоннинг конституциявий ўзига хослиги” белгиланди. Бундай монандлик, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг очиқ ва адолатли фуқаролик жамияти шаклланган давлат сифатида ўзини намоён этишини, жумладан, бир қатор демократик институтларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашни тақозо этади.
Биринчидан, “Ижтимоий шериклик” институти. Вазирлар Маҳкамаси зиммасига давлатнинг ёшлар сиёсатини амалга ошириш, оилани қўллаб-қувватлаш, уни мустаҳкамлаш ва муҳофаза қилиш чораларини кўриш, анъанавий оилавий қадриятларни асраб-авайлаш, ижтимоий ҳимоя, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳимоя қилиш тизимини ривожлантириш, ижтимоий шериклик ва фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга ошириш, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда рўёбга чиқариш жараёнларига нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолларини жалб этиш юзасидан аниқ вазифалар юкланган.
Иккинчидан, “Жамоатчилик назорати” институти. Бу борада, хусусан, давлатнинг бюджет сиёсати устидан жамоатчилик назорати ўрнатилгани, камида юз минг кишидан иборат ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қонунчилик таклифларини киритиш ҳуқуқига эга бўлган “халқ ташаббуси” институти жорий этилгани энг муҳим янгиликлардан бўлди.
Учинчидан, маҳалла институти. Ўзбекистон Конституциясига маҳалла институти фаолиятини кучайтиришга қаратилган нормалар киритилди. Бунинг натижасида ўзбек маҳаллалари жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг бош бўғинига айланади.
Мамлакатимизнинг халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТ билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлиги сўнгги 6 йилда тамомила янги марраларни забт этди. Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-, 75- ва 76-, 78-сессияларида, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида нутқ сўзлади.
Жаҳоннинг олий минбарларидан янграган ушбу мурожаатлар асносида Ўзбекистон Президенти 40 дан ортиқ ташаббусни илгари сурди. Бу ташаббуслар асосан халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, таълим, маънавият, экология, туризм, инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва бошқа муҳим соҳаларга тааллуқлидир.
Мамлакатимизда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда янги босқичга кўтариш юзасидан бир қатор амалий таклифларни билдириш мақсадга мувофиқ.
Биринчи таклиф: “Фуқаролик жамияти билан ўзаро ҳамкорликнинг янгича андозалари – тараққиётнинг янги стратегиялари – хулқ-атворнинг янги модели” ҳамда “Мақсадлар якдиллиги ва манфаатлар умумийлиги” принциплари асосида вакиллик ва ижро ҳокимиятининг барча даражаларида ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳаларда энг муҳим қарорлар қабул қилиниши жараёнларига нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини кенг жалб этиш тавсия этилади.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллари, жумладан, “Ўзбекистон–2030” стратегияси, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси, Сайлов жараёнини барқарор ривожлантиришнинг Миллий мақсад ва вазифалари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия каби жуда муҳим стратегия, концепция ва дастурларни амалга ошириш жараёнларида кенг иштирок этишлари зарур.
Иккинчи таклиф: ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ҳозир амал қилаётган шаклларини янада ривожлантиришни таклиф этаман. Хусусан, бу ўринда:
- жамоавий мурожаатлар асосида минтақавий, соҳавий ва давлат дастурлари ижроси сифатини ҳамда давлат маблағларининг сарфланиши ҳолатларини текшириш амалиёти;
- жиноятчилик, айниқса, одам савдоси, қийноқлар, уюшган ва трансмиллий жиноятларга қарши курашиш, шунингдек, пенитенциар муассасалар ва жазони ижро этиш муассасаларида адолат ва инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши соҳаларидаги жамоатчилик назорати;
- коррупция ботқоғига ботган соҳа ва тармоқларни аниқлаш, коррупциоген омилларнинг олдини олиш, жамиятда коррупцияга нисбатан тоқатсиз муносабатни шакллантириш ишлари;
- аҳоли соғлиги ва генофондига зарар етказадиган мавжуд экологик муаммоларни бартараф этиш, қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини “экологик экспертиза”дан ўтказишни йўлга қўйиш;
- аёллар, ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа заиф қатламлари муаммоларига ечим топиш бўйича ишларни самарали ва манзилли асосда ташкил этиш масалалари назарда тутилмоқда.
Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
Изоҳ: Ушбу мақола А.Саидовнинг шу йил 25 октябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат органларининг ҳамкорлиги” мавзусидаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг Миллий форумига йўллаган видеомурожаати асосида тайёрланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 26.10.2023
- Кўришлар: 3526
- Чоп этиш