“ҲАЗРАТ ЗАНГИ ОТА” – МАЪНАВИЯТИМИЗ ВА МАЪРИФАТИМИЗНИ ЮКСАЛТИРУВЧИ ДУРДОНА КИТОБ

 “Буюк аллома Ойхўжа ибн Тошхўжа – Занги отанинг номи, бу муборак зотнинг Тошкент вилоятидаги зиёратгоҳи мусулмон оламида маълуму машҳурдир”. “Ҳазрат Занги ота” китоб-альбомининг дастлабки саҳифаси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу фикрлари билан бошланади.

“Ҳазрат Занги ота” китоб-альбоми академик Акмал Саидовнинг узоқ йиллик изланишлари маҳсули бўлиб, унда улуғ авлиё Занги ота ҳазратларининг умр йўли ва таълимоти, ислом маърифати, шарқона ахлоқ қоидалари, шунингдек, Янги Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилган диний-маърифий ислоҳотлар натижалари ёритилган.

2023 йил 25 октябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ушбу китоб-альбом тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбарияти ва масъул ходимлари, шунингдек, мамлакатимизнинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидан келган ахборот-кутубхона марказлари раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тақдимот тадбирида “Ҳазрат Занги ота” китоб-альбомини нашрга тайёрлашга ҳисса қўшган ижодий жамоа аъзолари – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари Абдукамол Пўлатов, Азизбек Рамазонов, Азамат Жуманиязов ҳамда Малика Толипова сўзга чиқиб, йиғилганларга ушбу китоб-альбомнинг мазмуни, ўзига хос жиҳатлари, халқимиз маънавиятини юксалтиришдаги аҳамияти, академик Акмал Саидовнинг мазкур китобни ёзиш учун олиб борган кенг кўламли тадқиқотлари, изланишлари ва меҳнати ҳақида атрофлича маълумот бердилар.

Китоб барча иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Қатнашчилар “Ҳазрат Занги ота” китоб-альбоми йиллар ўтса-да ўз аҳамиятини йўқотмайдиган нодир асар бўлиб қолишига ишонч билдиришди. Муаллиф меҳнатини юксак баҳолашди.

Тадбир сўнгида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги ахборот-кутубхона марказларига “Ҳазрат Занги ота” китоб-альбоми совға қилинди.

Албатта, эзгу ва савобли ишнинг маҳсули ҳам хайрли бўлади. Яссавия тариқатининг улуғ намояндаси Ҳазрат Занги отага бағишланган ушбу китоб-альбом миллий маънавий меросимиздан муносиб ўрин эгаллаши шубҳасиз.

Зеро, шоир Мирзо Кенжабек таъкидлаганидек:

Шариату тариқатнинг имдодидир,

Ким у зотнинг йўлин тутса – авлодидир,

Занги Ато улуғ халқнинг аждодидир,

Пок зотларнинг дилдошидир Занги Ато!

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”

журнали бош муҳаррирининг ўринбосари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech