Миллий марказ томонидан жазони ижро этиш муассасаларида мониторинг ўтказилмоқда

30 октябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан тузилган ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятида жойлашган жазони ижро этиш ҳамда шахснинг ҳаракатланиш эрки чекланган муассасаларда мониторинг ташрифини бошлади. Ушбу тадбир Президентимизнинг 2018 йил 10 декабрдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тўғрисидаги низом талаблари доирасида ўтказилмоқда.

Ташриф давомида фуқароларни қабул қилиш жойи, колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг яшаш жойлари, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари кўздан кечирилди. Шунингдек, маҳкумларнинг озиқ-овқат ва тиббий таъминоти, зарур маиший хоналарда яратилган имкониятлар, телефон сўзлашувлари ҳамда ногирон маҳкумлар учун яратилган шароитлар билан танишилди.

Қарши шаҳрида жойлашган 2 ва 3-сонли жазони ижро этиш ҳамда 35-сонли манзил колонияларида маҳкумларга янги таҳрирда қабул килинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси юзасидан ва инсон ҳуқуқларига риоя этилишига доир ҳуқуқий тушунчалар берилди.

Ўз навбатида, муассасаларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар билан оммавий ва якка тартибда сайёр қабул ўтказилди. Сайёр қабул давомида маҳкумларни қизиқтирган айрим саволларига жавоблар ва тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилиши таъминланди.

Ишчи гуруҳ томонидан маҳкумлар учун мўлжалланган кутубхона, тиббий хизмат фаолияти, жисмоний тарбия билан шуғулланиш шарт-шароитлари билан ҳам танишиб чиқилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech