2023 йил 31 октябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил топганига роппа-роса 27 йил тўлди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидовнинг “Инсон қадри учун” китобида (Тошкент, 2022) қайд этилганидек, Миллий марказ Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 1996 йил 31 октябрдаги Фармонига асосан ташкил этилган. Миллий марказ инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларини, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қоидаларини ва қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларини, давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича давлатга қарашли таҳлил, маслаҳат, идоралараро мувофиқлаштириш органи сифатида тузилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 13 ноябрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида”ги қарори Миллий марказ фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асоси ҳисобланади. Ушбу қарор орқали Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тўғрисидаги Низом ва Миллий марказ тузилмаси тасдиқланган.
Кейинчалик Ҳукуматнинг бир неча қарори билан Миллий марказ фаолиятининг муайян соҳалари изчил ривожлантириб борилди. Албатта, Миллий марказнинг ташкил этилиши ва шакллантирилишида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари ва бошқарув тизимини демократлаштиришни қўллаб-қувватлаш дастури муҳим аҳамият касб этган.
Ўз навбатида, 2018 йил 10 декабрда – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллиги нишонланган кунда давлатимиз раҳбари “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ушбу қарор инсон ҳуқуқларига доир маърузаларни тайёрлаш бўйича миллий механизмларни мустаҳкамлаш ҳамда келгусида уларнинг фаолиятини амалга ошириш борасида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг чақириғига муносиб жавоб бўлди.
Энг муҳими, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрдаги қарорига мувофиқ, Миллий марказнинг мақоми тубдан оширилди, ваколат ва фаолият кўлами янада кенгайтирилди. Миллий марказ Низоми ва штатлар жадвали қайта тасдиқланди.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, 2022 йил 25 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятининг моддий-техника таъминотини янада яхшилаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, Миллий марказ таркибида Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази – “Инсон ҳуқуқлари уйи” ташкил этилди.
Шунингдек, Миллий марказга қўшимча асосий вазифалар юклатилди. Бу ўринда, жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий-ҳуқуқий базани тизимлаштириш; инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг хронологиясини юритиш; фуқаролар ва илмий тадқиқотчиларга инсон ҳуқуқлари бўйича тизимлашган илмий-ҳуқуқий манбалардан фойдаланиш учун кенг имкониятлар яратиш ҳақида сўз бормоқда.
Бугунги кунда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланишини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органидир. Миллий марказ ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 31.10.2023
- Кўришлар: 4723
- Чоп этиш