ТИНЧЛИКПАРВАРЛИК, МЕҲР-ОҚИБАТ, ЮКСАК ИНСОНИЙЛИК ИФОДАСИ
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 31 октябрь куни Яқин Шарқдаги вазият кескинлашгани ҳақидаги баёнот халқаро сиёсий, эксперт ва жамоатчилик доираларида катта акс садо берди.
Ўзбекистон раҳбарининг Ғазо сектори аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун БМТ нинг Яқин Шарқ агентлигига 1,5 миллион доллар ажратиш тўғрисидаги қарори, шунингдек, Фаластин халқи билан мустаҳкам бирдамлигини билдириши ҳамда БМТ Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгаши томонидан илгари қабул қилинган қарорларга биноан ўзларининг мустақил давлатини ташкил этиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаш халқаро майдонда юқори баҳоланмоқда.
Илгар Велизад,
"Жанубий Кавказ" сиёсатшунослар клуби раҳбари (Озарбайжон):
- Ўзбекистон раҳбарининг баёноти халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва тамойилларини қатъиян қўллаб-қувватлаш, ўз зиммасига олган мажбуриятларни адо этиш, шу жумладан, Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида ифодасини топган анъанавий ташқи сиёсий стратегиясининг руҳи ва моҳиятига тўла мос келадиган қадамдир.
Расмий Тошкент мустақил Ўзбекистон давлати вужудга келган бутун тарихи давомида ҳеч қачон ўз сўзидан қайтмаган, халқаро ҳуқуқ меъёрларини, шу жумладан, гуманитар ҳуқуқни бузмаган ва дунёнинг турли бурчакларида унга қатъий риоя этилиши тўғрисида сўзлаш учун мамлакатнинг тўласинча маънавий ҳаққи бор.
Бугун кўп жабр кўрган Фаластин заминида бегуноҳ исроилликлар ва фаластинликларнинг яна қони тўкилмоқда гуманитар вазият ёмонлашмоқда, одамлар нобуд бўлмоқда ва афсуски, бу инқирознинг кўлами ортмоқда. Ўзбекистон бўлаётган воқеалардан четда турмасдан, Фаластин халқига, Ғазо аҳолисига инсонпарварлик кўмаги юбориш орқали уларни қўллаб-қувватлаш учун амалий қадамларни ташламоқда.
Ушбу ёрдам ва гуманитар келишувга даъват фақат сиёсий анъаналарга ҳурматгина эмас. Бу, шунингдек, зўравонликни зудлик билан тўхтатиш ва музокаралар столига ўтиришга чақираётганлар қаторида эшитилаётган овоз, аниқ-равшан ҳиссадир.
Холид Таймур Акрам,
Покистондаги "Ягона келажак жамияти" таҳлил марказининг ижрочи директори:
- Покистон Ўзбекистон Президентининг Ғазо сектори аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига 1 миллион 500 минг доллар ажратиш ҳақидаги қарорини ижобий баҳолайди.
Бугунги кунда бутун мусулмон дунёси Фаластинда бегуноҳ одамлар, шу жумладан, аёллар ва болалар ўлаётган вазиятдан хавотир билдирмоқда.
Ўзбекистон давлати раҳбарининг қарори, биринчи навбатда, Фаластин халқи билан бирдамлик, тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонлар бўлаётганидан қайғуриш, шунингдек, инсонпарварлик кўмаги кўрсатишга бўлган интилиши сифатида баҳоланмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг нуқтаи назари мусулмон олами раҳбарлари учун давлат арбоби саъй-ҳаракатининг ажойиб намунаси ҳисобланади. Улар ўз мамлакатларида хавфсизлик ва жамоат тартибини сақлаш учун зарур чоралар кўришлари лозим.
Ўзбекистон раҳбари халқ кайфиятини нозик ҳис қилгани ҳолда ўзбек жамиятида динлараро ва миллатлараро барқарорлик ҳамда тинчликни сақлаш учун оқилона ва вазминлик билан ҳаракат қилади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон раҳбари эзгуликка йўғрилган қарори билан Фаластиннинг БМТ резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини тузиши ҳуқуқини ҳам қўллаб-қувватлади ва инқироз ҳудудида ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга даъват этди.
Марс Сариев,
Қирғизистонлик мустақил эксперт, сиёсатшунос:
- Президент Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни ҳукумат аъзолари билан учрашувда Ўзбекистон Яқин Шарқда тинчлик ўрнатилишини қўллаб-қувватлашини ҳамда Ғазо сектори аҳолисига баҳоли қудрат ёрдам кўрсатиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига 1 миллион 500 минг доллар ажратиш ҳақида қарор қабул қилгани туғрисида жуда муҳим баёнотини эълон қилди.
Менимча, бу ташланган жуда муҳим қадам бўлгани баробарида бошқа мамлакатлар, шу жумладан, Марказий Осиё минтақаси давлатлари учун Фаластин халқига кўмак кўрсатиш нуқтаи назаридан яхши мужда ва намуна ҳисобланади.
Ўйлайманки, Ўзбекистон етакчисининг ташаббуси эътибордан четда қолмайди ва минтақада қўллаб-қувватланади. Шу жумладан, Қирғизистон жамоат ташкилотлари орқали Фаластин халқи учун инсонпарварлик юкларини шакллантирмоқда.
Марказий Осиёдаги барча давлатларнинг ҳамжиҳатликдаги нуқтаи назари мавжуд вазиятни тезроқ ҳал қилишга кўмаклашади ҳамда Яқин Шарқдаги урушни тўхтатишга ёрдам беради.
«Дунё» АА
- Қўшилди: 02.11.2023
- Кўришлар: 3637
- Чоп этиш