“БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини амалга оширишда халқаро ҳамкорлик”

7 ноябрь куни Тошкент шаҳрида шу мавзуда халқаро семинар ўз ишини бошлади. Уч кун давом этадиган анжуман Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича департаменти ҳамда Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Тадбирни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабаев, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий масалалар қўмитасининг Инклюзив ва ижтимоий ривожланиш департаментининг Техник ёрдам ва қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Олег Серёжин, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ногиронликни баҳолаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мирзабек Ниязов кириш сўзи очиб берди.

Сўзга чиққанлар 2022 йилда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси тасдиқлангани ва амалга оширилаётганига эътиборни қаратди. Шунингдек, 2023 йил 28 июлда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг дастлабки миллий маърузаси БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитасига топширилганлиги таъкидланди.

Халқаро семинарда Германия, Россия, Арманистон, Грузия, Украина, Молдова, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби бир қатор хорижий давлатларнинг ногиронлиги бўлган шахслар жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда. Мазкур форум ногиронлар ташкилотлари ўртасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг яна бир муҳим босқичи хисобланади.

Экспертлар Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича ўз тажриба ва амалиётлари билан бўлишмоқдалар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech