ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ УСТУВОР ВА ДАХЛСИЗ

Жорий йилда халқаро ҳамжамият Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги ва Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Вена декларaцияси ҳамда Ҳаракатлар дастурининг 30 йиллигини кенг нишонламоқда. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг таъсирчан тарихи инсон ҳуқуқларининг умумбашарий қадрият эканини тўла намоён этади. Бусиз тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаб бўлмайди.

Ўзбекистон БМТ Бош котибининг “Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват” ташаббусини қўллаб-қувватлайди. “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда инсон ҳуқуқлари масаласи  муҳим ўрин тутади. Шунингдек, Стратегияда  белгиланган ислоҳотлар БМТнинг 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадларига мос келади ҳамда “Ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойилини таъминлашга қаратилган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда “инсон шаъни ва қадрқиммати йўлида” ғояси асосида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни амалга ошириш борасида кенг кўламли ишлар бажарилмоқда.

Хусусан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро стандартлар миллий қонунчиликка имплементация қилинди ҳамда давлат органларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятига татбиқ этилди. Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатидаги фаол иштироки, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари ва инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачилари билан яқиндан ҳамкорлик қилаётгани бунга яққол мисолдир. Шу билан бирга, Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг ёшлар ва болалар ҳуқуқлари бўйича учта резолюцияси қабул қилинди, халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ёшлар ҳуқуқларига бағишланган 4 та халқаро форум ташкил этилди.

2023 йил апрель ойида илк бор конституциявий референдум ўтказилди. Унинг тамал тоши инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, инсон қадрқимматини ҳимоя қилишдан иборат бўлди. Янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистоннинг суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатидаги устувор йўналишларини белгилаб берди.

Янгиланган Конституцияда инсон ҳуқуқларига тааллуқли конституциявий нормалар 3 баробардан ортиқ кўпайди ва 50 дан ортиқ моддани ташкил этди. Конституцияда инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги тамойилларига содиқлик мустаҳкамланган. Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясида халқаро миқёсда тан олинган ҳуқуқшунослик институтлари  — “Миранда қоидалари”, “Хабеас корпус”, шунингдек, “Pro bone”, яъни бепул юридик ёрдам мустаҳкамланган.

Асосий қонунимизнинг 25-моддасида ўлим жазоси тақиқлангани қайд этилиб, шу билан Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг иккинчи факультатив протоколи қоидалари амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ўлим жазосининг бекор қилинишини, шу жумладан, глобал ва минтақавий даражада, хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида фаол иш олиб бориш орқали қўллаб-қувватлайди.

Қонституциявий ўзгаришлар биринчи навбатда жамиятнинг турли ижтимоий қатламлари фуқароларининг шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини кафолатлаш ва ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ҳаракат нормаларига айланди.

Янги таҳрирдаги Конституция инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ва халқаро органларга мурожаат қилиш ҳуқуқини кафолатлайди. Биринчи марта инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг мақоми конституциявий даражада белгилаб қўйилди. Масалан, Конституциявий шикоят институти конституциявий даражада мустаҳкамланди, яъни фуқароларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланди. Шунингдек, 2023-2026 йилларга мўлжалланган Суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури амалга оширилмоқда. Ушбу Стратегияда ”Хабеас корпус” инс титутини янада кенгайтириш, тергов судьяси институтини жорий этиш, судлар фаолиятида ўзини ўзи бошқариш принципини ҳаётга татбиқ этиш ва судьялар ҳамжамияти органларининг ролини ошириш чоратадбирлари кўзда тутилган.

Қийноқлар ва зўравонликнинг бошқа турлари конституциявий даражада тақиқланган. Ўзбекистон  Республикаси Конституциясининг янги таҳрири 26-моддасида қийноқлар, зўравонлик ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турлари тақиқланди. Давлат бу йўналишда инсон ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлашнинг инс титуционалҳуқуқий механизмларини такомиллаштирмоқда, жумладан, Нелсон Мандела қоидалари миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётга жорий қилинди.

БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларига биноан “Омбудсман плюс” модели бўйича қийноқларнинг олдини олишда миллий превентив механизми яратилди. Шунингдек, Болалар омбудсмани, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ва Бизнес омбудсманга ҳам жазони ижро этиш муассасаларини назорат қилиш ҳуқуқи берилди. Фуқаролик кодексига қийноқ қурбонларига етказилган зарарни қоплаш тартибини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилиб, қийноқ қурбонларига ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти яратилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни амалга ошириш нуқтаи назаридан аёллар, болалар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, ижтимоий адолат тамойилларини амалга оширишга конституциявий мақом берилди. Ўзбекистон Конституциясининг “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланган янги бобида ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши, шунингдек, уларнинг ривожланиши ва ўзини ўзи англаши учун тенг имкониятлар яратилиши кафолатланган. Алоҳида моддада иқтидорли ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олиш ҳуқуқи белгиланган.

2019 йилдан буён Ўзбекистон қуролли тўқнашув ҳудудларидан ватандошларни қайтариш бўйича бешта “Меҳр” гуманитар амалиётини амалга оширди. Сурия, Ироқ ва Афғонистондан 531 нафар, асосан, аёллар ва болалар мамлакатимизга қайтарилди. Ҳукумат томонидан репатриантларни (Ватанга қайтарилганларни) реабилитация қилиш ва жамиятга мослаштириш, камситилишининг олдини олиш, уларни таълим, ижтимоий дастурлар ва иш билан таъминлаш, турмуш шароитини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

2023 йил июнь ойида БМТ бош қароргоҳида халқаро ҳамжамият қуролли тўқнашув ҳудудларидан Ўзбекистонга қайтиб, янги ҳаёт бошлаган ватандошларимизнинг ҳикояларини бевосита эшитди. Халқаро ҳуқуқ нормалари ва халқаро ҳамкорлик тамо йилларига асосланган фуқароларни ватанига қайтаришда Ўзбекистон модели репатриация бўйича энг илғор тажриба ҳисобланиб, бола манфаатларини ҳамда можароли ҳудудлардан қайтган аёлларнинг тўлиқ реинтеграциясини таъминлайди.

БМТ Бош котибининг “Ibelong” фуқаросизликни бартараф этиш бўйича глобал кампания чақирувини қўллаб-қувватлаган ҳолда, Ўзбекистон ҳукумати ушбу муҳим ташаббусни амалга ошириш учун аниқ қадамлар қўйди. 2016 йилдан бери

80 мингдан ортиқ фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон фуқаролиги берилди.

Ўзбекистон давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналишларидан бири — бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, жамиятда миллатлараро, конфессиялараро ва фуқаролар ўртасида тотувликни мустаҳкамлашдан иборат. Конституциянинг 19-моддасида барча фуқаролар ирқи, миллати, тили ва динидан, шунингдек, бошқа асослардан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эгалиги ҳамда қонун олдида тенглиги кафолатланган.

Ўзбекистон миллий ҳуқуқий тизимида фуқароларнинг тенг ҳуқуқларини бузганлик учун жиддий жавобгарлик чоралари мавжуд. Қонунчиликда этник гуруҳларга ҳаётда ўз тилларидан фойдаланиши, маданияти, урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилган. Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси амалга оширилмоқда. Жумладан, 30 июль — Халқлар дўстлиги куни этиб белгиланди ҳамда  ҳар йили кенг нишонланади, ушбу кунда “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони ўз эгаларига топширилади. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида турли миллатга мансуб фуқаролар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида “Дўстлик уйлари” ташкил этилган бўлиб, уларда 150 дан ортиқ миллий маданият марказлари фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистонда телерадиоэшиттиришлар 12 тилда олиб борилади, газета ва журналлар 10 дан ортиқ тилларда чоп этилади. Мамлакатдаги умумтаълим мактабларининг қарийб 20 фоизи 7 тилда (ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, туркман, қирғиз ва қозоқ) ўқитилади.

Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича бизнес тузилмалари билан ҳамкорлик катта аҳамиятга эга. Мамлакатда Бизнес омбудсман институти ташкил этилган, 20 август — Тадбиркорлар куни этиб белгиланган. Президентимиз бизнес вакиллари билан доимий мулоқот ўтказиб келмоқда. Шунингдек, соҳага оид қонунчиликни тизимлаштириш мақсадида Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Шу билан биргаликда, “Бизнес ва инсон ҳуқуқлари” миллий ҳаракатлар дастурини қабул қилиш бўйича иш олиб борилмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларнинг миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига жорий этилишини изчил таъминламоқда. Хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини гендер, инсон ҳуқуқлари ҳамда коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш доимий амалга ошириб келинмоқда.
Мамлакатимизда норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси фаол ижро этилмоқда, хусусан, нормативҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёни рақамлаштирилди. Кейинги 5 йил давомида нормативҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини яратиш ва тасдиқлашнинг ягона электрон тизими  (Project.gov.uz), маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари қарорларини ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш ва рўйхатга олишнинг ягона электрон тизими (E-qaror), норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталлари (regulation.gov.uz) ишга туширилди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича таълим инсон ҳуқуқларига умумбашарий ҳурмат ва кенг миқёсда риоя этилишини рағбатлантиришнинг асоси эканлигини эътироф этади. Ҳукумат БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Бунинг исботи ўлароқ, мамлакатимизда 2023 йил 7 февралда Президент қарори билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури қабул қилинди. Ушбу дастур доирасида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича тегишлича ўқув ва махсус курслар жорий этилмоқда. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари ва мигрантлар ҳуқуқлари йўналишларида ўқув курслари ва семинар-тренингларни ўтказиш белгиланди. “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари”, “Инсон ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари” номли туркум қўлланма ва рисолалар чоп этилмоқда. Шу билан биргаликда, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича электрон платформа ишга туширилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича жаҳон таълим дастурининг яқинлашиб келаётган бешинчи босқичи ҳам ёшларга қаратилган бўлиб, дастур болалар, рақамли технологиялар, иқлим ўзгариши ва гендер масалаларини ҳам қамраб олади.  Бу масалаларнинг барчаси 2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” мавзусидаги глобал форумда таклиф қилинган эди.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини нишонлаш бўйича халқаро кампанияда фаол қатнашмоқда. Ушбу юбилей санани кенг нишонлашга бағишланган тадбирлар дастури амалга оширилмоқда. Жумладан, махсус дастур доирасида ёшлар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва уларнинг умумбашарий инсон ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш, шунингдек, ёш авлодни эркинлик, тенглик ва адолатнинг асосий қадриятларини ўзлаштириш ҳамда тушунишга фаол жалб этишга қаратилган тадбирлар ўтказилди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси билан биргаликда 2023 йилнинг 23 октябрь куни Марказий Осиё мамлакатлари ёшлари иштирокида “Ёшлар ҳуқуқлари: имкониятлар ва ҳимоя қилиш механизмлари” мавзусида халқаро форум ўтказилди. Халқаро форумда жорий йилнинг декабрь ойида “Инсон ҳуқуқлари — 75” ташаббуси доирасида Женевада бўлиб ўтадиган юқори даражадаги тадбирда тақдим этилиши кўзда тутилган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Марказий Осиё декларацияси ишлаб чиқилди.

 

Мирзатилло Тиллабаев

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари,

юридик фанлар доктори, профессор

«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2023 йил 8 ноябрь кунги 232 (1021)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech