ЁШЛАРНИ БИРЛАШТИРГАН ФОРУМ

Ёшлар мамлакатнинг келажаги ва енгилмас кучидир. Мамлакатимизда ҳам бугунги кунда ёшларга катта имкониятлар бериб келинмоқда. Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг келажакда юрт корига ярайдиган ёшлар бўлиб етишишлари учун хукуматимиз томонидан турли қарорлар ҳамда давлат дастурлари қабул қилинмоқда.
Ёшларнинг ҳар томонлама шаклланишлари учун мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида барча шароитлар мавжуд. Ёшларни яхши ва сифатли таълим-тарбия олишлари учун олий ва ўрта махсус олий ўқув юртларида, ўрта умумтаълим муассасаларида қулай шарт-шароитлар муҳайё этилган, ҳамда “2022-2026 йиллар учун Тожикистон Республикаси ёшларининг ижтимоий ривожланиши миллий дастури” ва “2023-2027 йиллар учун Тожикистон ёшларининг ватанпарварлик тарбияси ва миллий менталитетини мустаҳкамлаш давлат дастури”нинг қабул қилингани мамлакатимизда ёшларга берилаётган эътиборнинг яна бир намунасидир.
Бугунги кунда вилоятимиз ёшлари жаҳон ареналарида ватанимиз байроғини баланд кўтариб, юртимиз номини дунёга танитиб қайтмоқда. Қолаверса, бугун улар жаҳоннинг нуфузли халқаро олимпиада, танлов ва форумларида иштирок этиб, ватанимиз шарафини ҳимоя қилиб келмоқдалар. Сўзимиз далили сифатида яқинда Ўзбекистон Республикасида бўлиб қайтган Мирҳамдам Иргашев ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Мирҳамдам Иргашев 2002 йилнинг 20 январида Жаббор Расулов ноҳиясининг Деҳмой қишлоғида туғилган. Ўз қишлоғида 14-ўрта умумтаълим муассасасини аъло баҳолар билан тугатиб, 2020 йил академик Бобожон Ғафуров номидаги Хужанд давлат университети журналистика ва таржима назарияси факултетига ўқишга киради. хозирда у 4-босқич талабаси. Шунингдек, Мирҳамдам Иргашев Суғд вилояти ҳокимияти ижроия органи нашри “Суғд ҳақиқати” газетаси қошида ташкил этилган “Маҳорат” мактабининг илк битирувчиси ҳамдир. У кўплаб танлов ва викториналар иштирокчиси ҳисобланади.
Мирҳамдам Иргашев яқинда Ўзбекистон Республикасининг пойтахти Тошкент шаҳрида “Ёшлар ҳуқуқлари: имкониятлар ва ҳимоя қилиш механизмлари” мавзусидаги ҳалқаро форумда иштирок этиб қайтди. Бу ҳақда у шундай дейди:
- Ушбу форумдан биз ўзимизга керакли бўлган кўплаб маълумотларга эга бўлдик, қолаверса ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида кўплаб мунозара, янгича мулоҳазаларга эга бўлдик. Шунингдек, форумда барча мамлакатларда бугунги кундаги ёшларга қандай эътибор берилаётгани, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилинаётганлиги ҳақида ҳам яхши сўзлар айтилди. Биз ҳам ўз фикр-мулоҳазаларимиз ва таклифларимизни барча иштирокчиларга билдирдик. Форум сўнгида келгусида ҳам бундай форумлар яна ўтказилиши ҳақида келишиб олинди. Хуллас, бир олам таассуротлар билан қайтдик...
 
Зайниддин МУҲАММАДИЕВ
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech