ИНСОННИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ ФАҚАТ ҚОНУНГА МУВОФИҚ ЧЕКЛАНИШИ МУМКИН
Ушбу конституциявий талаб асосида барча қонуности ҳужжатлари қайта кўриб чиқилади
Давлат раҳбарининг 2023 йил 7 ноябрда қабул қилинган “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштирилди.
Фармон қонуности ҳужжатларини янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштириш орқали конституциявий принципларни рўёбга чиқаришга, давлат органлари фаолияти янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитлар асосида йўлга қўйишга, шунингдек, мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш чораларини кўришга қаратилган.
Мазкур Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14 та ҳужжатларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, дейилади. huquqiyaxborot телеграм-канали хабарида. Хусусан:
- Судьялар олий кенгаши раиси ва аъзоларини, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорини ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раисини Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан сайлаш тартиби кўзда тутилди;
- янги таҳрирдаги Конституциянинг давлат хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар қонун билан белгиланиши талабидан келиб чиқиб, қонуности ҳужжатлардан бундай чекловлар чиқарилди;
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилашда инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олиниши белгилаб қўйилди.
Шу билан бирга, Фармонда қонунчиликни янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштириш бўйича ишларни давом эттириш мақсадида масъул вазирлик ва идораларга бир қатор вазифалар юкланди. Жумладан, қуйидаги соҳаларда конституциявий принципларни рўёбга чиқариш бўйича алоҳида топшириқ берилди:
биринчидан, мулк ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини таъминлаш, шу жумладан, мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги конституциявий нормадан келиб чиқиб, ушбу масалаларни фақат қонунлар билан белгилаш;
иккинчидан, давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари (жиноий ва маъмурий жазо чоралари, шу жумладан, жарима, мусодара қилиш, шунингдек, молиявий санкция, пеня, лицензияни тўхтатиш ёки бекор қилиш ва бошқалар) мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги тўғрисидаги конституциявий нормадан келиб чиқиб, қонуности ҳужжатларидаги ҳуқуқий таъсир чораларини қайта кўриб чиқиш;
учинчидан, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини фақат қонунга мувофиқ чекланиши мумкинлиги тўғрисидаги конституциявий талаб асосида барча қонуности ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш;
тўртинчидан, уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқини таъминлаш, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслигига оид конституциявий нормалардан келиб чиқиб, қонуности ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш;
бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағлар эркин ҳаракатланиши тўғрисидаги конституциявий нормага мувофиқ қонуности ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 09.11.2023
- Кўришлар: 3528
- Чоп этиш