МАРКАЗИЙ ОСИЁ ЁШЛАР ФОРУМИ

Пойтахтимиздаги “Interkontinental Tashkent” меҳмонхонасида “Ёшлар ҳуқуқлари: имкониятлар ва ҳимоя қилиш механизмлари” мавзусида бўлиб ўтган халқаро форум Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассотсиатсияси, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ташкилотнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Фридрих Эберт номидаги жамғарма билан яқин ҳамкорликда ташкил этилди.

Халқаро анжуман Президентимизнинг 2023 йил 12 майдаги “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларaцiяси қабул қилинганининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги фармони доирасида ўтказилди.

Олий Мажлис қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов халқаро форумнинг очилиш маросимида ушбу анжуманнинг ўзига хос хусусиятлари, долзарблиги ва муҳимлигини кўрсатадиган мезонлар хусусида гапирди. Жумладан, Марказий Осиё ёшлар форуми Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларaцiясининг 75 йиллиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена бутунжаҳон конференциясининг 30 йиллигини кенг нишонлаш доирасидаги тадбир эканини алоҳида таъкидлади.

Онлайн ва офлайн шаклда ўтказилган анжуман минтақамиз мамлакатларининг 500 нафардан ортиқ ёшлари, жумладан, ёшлар парламенти аъзолари, ёшлар ташкилотлари етакчилари, шунингдек, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги олий таълим муассасалари талаба-ёшларини жамлади. Қувонарлиси, форумдаги ёшлар билан маслаҳатлашувлар натижаларидан 2023 йил декабрь ойида Женевада ўтадиган юқори даражадаги тадбирда тақдим этилиши режалаштирилаётган “Инсон ҳуқуқлари – 75” ёшлар декларaцiяси лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилади.

Марказий Осиё ёшлар форумида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Тюрк, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи, УНИCЕФнинг Ўзбекистондаги вакили вазифасини бажарувчи Жофри Ижумба, ЕХҲТ раисининг Ёшлар масалалари бўйича махсус вакили Мемет Жаку ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси вакили Муҳаммад Лавал Сулаймоннинг қутлов сўзлари, фикр-мулоҳазалари, маърузалари тингланди.

Шундан сўнг халқаро анжуман ўз ишини учта ялпи мажлис доирасида давом эттирди. Унда миллий ва хорижий экспертлар, Марказий Осиё мамлакатлари ёшлар ташкилотлари етакчилари, ёшлар парламентлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минта қавий ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Хуршид СУЛТОНОВ, “Инсон ва қонун” мухбири

«INSON va QONUN» газетасининг 2023 йил 31 октябрь кунги 43 (1403)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech