Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида шу мавзудаги ўқув курси бошланди. Тўрт кунлик машғулотлар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллигига бағишланган.
Ушбу муҳим тадбир Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури асосида ўтказилмоқда. Бундан мақсад БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда БМТ Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга оширишдир.
Машғулотлар БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюркнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллигига бағишланган видеомурожаати билан бошланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг видеомурожаати тингланди.
Мазкур тадбир мамлакатда инсон ҳуқуқларини тарғиб қилиш ва мустаҳкамлаш воситаси, шунингдек, соҳада миллий таълим дастурини амалга оширишдаги муҳим қадамлардан бири экани таъкидланди. Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига тўлақонли мувофиқ ҳолда тўлдирилгани, унда инсон ҳуқуқлари ҳимояси юксак даражада мустаҳкамлангани алоҳида қайд этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни чуқур англаш ва амалда татбиқ этишнинг аҳамиятига жиддий эътибор қаратилди. Айниқса, Янги Ўзбекистонда аёллар, болалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва мигрантларнинг шароитларини яхшилаш ҳамда ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари устувор аҳамият касб этаётир.
Ўқув машғулотларининг биринчи кунида тингловчилар Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Абдуманноп Тўлаганов ва Тошкент давлат юридик университети “Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари” кафедраси профессори Говхержан Юлдашева каби таниқли олимларнинг маърузаларини тинглади. Маърузачилар инсон ҳуқуқларининг муҳим жиҳатлари ва Ўзбекистон Республикасининг бу борадаги халқаро мажбуриятлари ҳақида атрофлича тўхталди.
Бундан ташқари, мустақил амалий машғулот ўтказилди. Бунда Миллий марказ мутахассислари томонидан Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича электрон платформадаги ўқув курслари ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.
Ўқув дастури тингловчилари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажаришда фаол иштирок этаётган давлат органлари ва ташкилотлар мутахассислари ҳисобланади. Машғулотларда 20 дан ортиқ масъул ходим оффлайн ва онлайн қатнашмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 14.11.2023
- Кўришлар: 3403
- Чоп этиш