Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга оид ўқув курси: иккинчи кун тафсилотлари

15 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёт ва ҳисобот” мавзусидаги ўқув курси давом этди. Машғулотлар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллигига бағишланган.

Ўқув дастури тингловчилари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажаришда фаол иштирок этаётган давлат органлари ва ташкилотлар мутахассислари ҳисобланади. Машғулотларда 20 дан ортиқ масъул ходим оффлайн ва онлайн қатнашмоқда.

Иккинчи кунда дастлаб Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили – Болалар омбудсмани, юридик фанлар доктори Сурайё Раҳмонова “Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини таъминлаш – давлат сиёсатининг муҳим йўналишилари” мавзусида маъруза қилди.

Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази докторанти, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Фируза Ҳамдамованинг “БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий органлари. Аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглик тушунчаси. Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция” юзасидан маърузаси тингланди.

Тингловчилар эътиборига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Шириновнинг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқлари”, Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Шуҳрат Бафоевнинг “Инсон ҳуқуқлари соҳасида мамлакатимизнинг халқаро мажбуриятларига риоя этилишини таъминлашда Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг роли” мавзусидаги маърузалари ҳам ҳавола этилди.

Ушбу муҳим тадбир Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури асосида ўтказилмоқда. Бундан мақсад БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда БМТ Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга оширишдир.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech