Инсон ҳуқуқларига оид халқаро стандартлар бўйича ўқув курси давом этмоқда

16 ноябрь куни “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёт ва ҳисобот” мавзусидаги ўқув курси ўз ишини Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси биносида давом эттирди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари  бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Академия бошлиғи ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Музаффаржон Мамасиддиқов машғулотлар мавзусининг аҳамиятига эътибор қаратди. Хусусан, айни ўқув курси замонавий инсон ҳуқуқлари фаолияти учун долзарб эканини таъкидлади.

Машғулотларнинг учинчи куни асосий эътибор Қийноқлар ва бошқа шафқатсиз муомалага қарши конвенциянинг мазмун-моҳияти талқинига қаратилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси кафедра бошлиғи, юридик фанлар номзоди Хуршид Каримов ушбу ҳужжатнинг халқаро ҳуқуқда тутган аҳамиятини батафсил таҳлил қилди.

Ўз навбатида, Академия кафедра бошлиғи Азиз Ҳикматов қийноқларнинг олдини олишга қаратилган миллий профилактика механизмлари мавзусини очиб берди. Маърузачи халқаро тажрибани миллий амалиёт билан қиёслаб, Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқларини ва олдинда турган вазифаларни алоҳида таъкидлади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси Илмий маркази бошлиғи, юридик фанлар доктори, доцент Луқмонжон Исоқов мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида тўхталди. Бу борадаги халқаро ва миллий амалиётни таҳлилдан ўтказиш асносида ўз фикрларини тасдиқлайдиган муҳим тадқиқот натижалари ва амалий мисолларни келтиргани тингловчиларга манзур бўлди.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллигига бағишланган тўрт кунлик машғулотларда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажаришда фаол иштирок этаётган давлат органлари ва ташкилотларининг 20 дан ортиқ масъул ходими оффлайн ва онлайн қатнашмоқда. Ушбу муҳим тадбир Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури асосида ўтказилмоқда.


Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech