Миллатлараро ва динлараро бағрикенглик – самарали ҳамкорликнинг муҳим омили

16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан жорий йилнинг 13-19 ноябрь кунлари юртимиз бўйлаб “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилди. Ушбу ҳафталик доирасида Тошкент шаҳридаги “Hayatt” меҳмонхонасида турли диний конфессия вакиллари, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар масъуллари иштирокида “Миллатлараро ва динлараро бағрикенглик – самарали ҳамкорликнинг муҳим омили”  мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Конференциянинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси М.Комилов, UNESCO нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари С.Ал-Аттор, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси С.Тошбоев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Қурбонов, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари Ш.Нуруллаева кириш сўзлари билан иштирок этди.

Хусусан, Акмал Саидов ушбу тадбирнинг иккита муҳим аҳамиятига эътиборни қаратди. Биринчидан, мазкур халқаро конференция Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллигига бағишланган бўлиб, бу борада Ўзбекистон Президенти Фармони билан мамлакатимизда алоҳида Дастур тасдиқланган ва изчил амалга оширилмоқда. Иккинчидан, айни анжуман Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан ташкил этилди. Бу муҳим халқаро сана юртимизнинг бутун ҳудудида кенг нишонланмоқда.

Шу ўринда Ўзбекистонда миллатлараро ва динлараро тотувлик ҳамда бағрикенгликни мустаҳкамлашга қаратилган беқиёс ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ушбу соҳада олиб борилаётган изчил сиёсатнинг замирида очиқ ва бағрикенг, бирдам ва ҳамжиҳат жамият равнақини таъминлашдек эзгу мақсад ўз мужассамини топган.

Конференцияда “Дин ва давлат муносабатлари: тарихий ёндашув ва диний асослар”, “Жамиятда миллатлараро тотувликни таъминлашда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар”, “Марказий Осиё халқларининг муштарак бағрикенглик тамойиллари”, “Миллий маданий марказлар – Ўзбекистонда миллатлараро тотувликни таъминлашнинг муҳим воситаси” каби долзарб мавзулардаги маърузалар тингланди.

 Халқаро конференцияда турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, диний конфессиялар вакиллари, миллий маданият марказлари фаоллари, юртимиздаги миллатлараро дўстлик ва диний бағрикенглик ришталарини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган ҳамюртларимиз, диний таълим муассасалари талабалари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДИН ИШЛАРИ БЎЙИЧА ҚЎМИТА

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech