Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси билан ҳамкорликда Барқарор ривожланиш ойлиги доирасида "Тенгсизликнинг барча кўринишларини қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш" мавзусида семинар ўтказди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, бир қатор вазирлик ва ташкилотлар мутасадди раҳбарлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларининг 10 мақсади — мамлакатларда тенгсизликни ва унинг барча кўринишларига барҳам бериш соҳасида юртимизда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, жамиятнинг кескин ижтимоий табақаланишини олдини олиш бўйича аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари даромадларини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Натижада аҳолининг турмуш тарзини барқарор ривожланишига эришилмоқда.
“2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида” белгиланган “Инсон қадри учун” тамойили Янги таҳрирдаги Конституциясининг нормаларида ўз ифодасини топган. Бош қомусимизнинг қоидалари халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратишнинг ҳуқуқий асоси ҳисобланади.
Асосий қонунимизда Ўзбекистон — ижтимоий давлат деб белгиланди, шунингдек, Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларинининг кўплаб қоидаларини, айниқса ижтимоий ва ҳуқуқий давлат қуриш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлашга қаратилган нормалар акс этган.
Давлатнинг асосий мажбурияти сифатида Бош қомусимизда муҳтожларни уй-жой билан таъминлаш, муносиб яшаш учун зарур бўлган энг кам иш ҳақи, кафолатланган тиббий ёрдам ва таълим олиш, ногиронлар, ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва бошқа муҳим кафолатлар белгиланган.
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига нисбатан камситишга қарши нормалар ва қонун ҳужжатлари қоидаларининг тўлиқ ва сўзсиз таъминлашга қаратилган улкан ишлар қилиниб, кам таъминланган оилаларга кўрсатиладиган давлат тиббий-ижтимоий хизматлари, ижтимоий ёрдам дастурлари ва нафақаларга ажратилган маблағлар оширилди.
Шунингдек, хотин-қизларнинг иқтисодиёт, меҳнат бозори, таълим ва ижтимоий ҳамда маданий ҳаётнинг бошқа соҳаларида иштирок этишига ҳам кўмаклашиляпти. Бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида сўнгги икки йилда 7 млн. дан ортиқ хотин-қизлар хатловдан ўтказилиб, 1 млн. 680 минг нафари “Аёллар дафтари”га киритилган.
Хусусан, 425 760 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлардан 406 233 нафари янги иш ўринлари ва жамоат ишларига жойлаштирилган. 49 622 нафар тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд опа-сингларимизнинг 42 692 нафарига тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйиши учун имтиёзли кредитлар ажратилган. 225 532 нафар боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлардан 189 975 нафарига бир марталик моддий ёрдам берилиб, шундан 2 676 нафарининг уй-жойи таъмирлаб берилган.
Семинарда БРМнинг 10-мақсадига эришиш доирасида ижтимоий соҳада тенгсизликни қисқартириш йўналишида олиб борилаётган ишларни янада кучайтириш бўйича зарур таклиф ва тавсиялар берилди. Жумладан, жинси, ёши, яшаш жойи бўйича қамбағаллик даражасининг миллий мезонга кўра баҳолаш, кўп ўлчовли камбағалликни таҳлил қилиш (multidimensional poverty), болалар, аёллар, ёшлар, қариялар ва ногиронлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда 2030 йилгача қамбағалликни кисқартириш стратегиясини қабул қилиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини, унинг мақсади ва самарадорлигини ошириш лозимлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, аҳолининг кам таъминланган ва заиф қатламлари эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда қулай уй-жой қурилишини таъминлаш бўйича мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш, иқлим ўзгариши ва бошқа хавф-хатарларга қарши аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг барқарорлигини оширишга қаратилган 2030 йилгача Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудларини фавқулодда вазиятлардан ҳар томонлама ҳимоя қилиш концепциясини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Тадбирда муҳокама этилган масала юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
- Қўшилди: 23.11.2023
- Кўришлар: 3136
- Чоп этиш