МУСТАҚИЛЛИК ВА КОНСТИТУЦИЯ

«Конституция – халқчил давлат,

барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!»

 

Жорий йил 8 декабрда мамлакатимизда  Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги кенг байрам қилинади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2023 йил 16 ноябрда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишида таъкидлаганидек, “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди”[1].

Ҳақиқатан ҳам, 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида халқимиз ўзининг сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқарашини намоён этиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилгани беқиёс аҳамиятга эга. Бинобарин, бундан 31 йил аввал мустақил давлатимизнинг илк Асосий қонуни қабул қилинган кун – 8 декабрни умумхалқ байрами сифатида нишонлаш анъанаси изчил давом этаётгани ҳам алоҳида эътиборга лойиқдир.

Бу йилги Конституция куни тантаналари бир қатор улкан ижтимоий-сиёсий воқеалар билан узвийликда нишонланмоқда. Хусусан:

  • 9 июлда муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилди ва 14 июлда қайта сайланган Президент Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлиси бўлиб ўтди;
  • 31 август – 1 сентябрь кунлари мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги кенг нишонланди;
  • жойларда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар ташкил этилмоқда.

Буларнинг барчаси қутлуғ байрамимиз шукуҳини янада оширади. Чунки референдум билан сайлов, Конституция билан Декларация – Ватанимиз истиқлоли, халқимиз мустақиллигининг том маънодаги тимсоллари сифатида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим демократик ҳамда ҳуқуқий воситалардир.

Мустақиллик – эркин ва бахтли яшаш ҳуқуқи. Башарият тарихи шундан далолат берадики, ҳар бир халқ фақат эркин ва озод бўлган тақдирдагина, ўз ҳаёти ва келажагини мустақил барпо этиш ҳуқуқига эга бўлади. 

Мустақиллик – бу инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфатларини ҳар томонлама ва тўлиқ таъминлашнинг бош мезони.

Мустақиллик – Ватанимизнинг ҳар бир фарзанди ўзлигини, ўз қадр-қиммати, ор-номуси ва ғурурини теран англаши учун чексиз ва буюк имконият.

Мустақиллик – миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлиги руҳида яшаш, истиқлол ғояларини юртдошларимиз, хусусан, ёш авлод қалби ва онгига янада теран сингдириш, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашнинг энг асосий ва муҳим шарти, миллий тараққиётимиз кафолати.

Мустақиллик – биз барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг ўқ илдизи.

 Мустақиллик – биз пойдеворини тиклаётган Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам таянчи.

Мустақиллик  – «Ҳақ берилмас, ҳақ олинур!» деб миллат озодлиги йўлида жонини фидо қилган улуғ аждодларимизнинг бундан 32 йил олдин рўёбга чиққан фараҳли орзуси ва асрий армони, демакдир.

Яқин тарихга назар солсак, ХХ асрнинг сўнгги ўн йилликларида собиқ совет мустамлакаси исканжасидаги юртимизда ажиб бир кетма-кетликда тақдируламал воқеа-ҳодисалар юз берганини кўрамиз. Айни шу муҳим  воқеалар силсиласи халқимизга Истиқлол нашъу-намосидан умидбахш дараклар олиб келди.

Аввало, 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Сўнг 1990-1991 йилларда қабул қилинган қатор ҳужжатлар асосида юртимизда Наврўз қайта тикланди, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари катта байрам ҳамда дам олиш кунлари деб эълон қилинди. Қуръони карим ва Ҳадис китобларининг ўзбек тилида эмин-эркин нашр этилиши йўлга қўйилди. Иттифоқдош республикалар орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда 1990 йил 24 мартда Президентлик институти жорий этилди.

Ўзбекистон Олий Кенгаши қарори билан 1990 йил 21 июнь куни Президент Ислом Каримов раислигида давлат арбоблари, депутатлар, мутахассислардан иборат Конституциявий комиссия тузилди. Кейинчалик, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг лойиҳаси ана шу Комиссия томонидан икки йилдан ортиқ вақт мобайнида тайёрланди.

Яна бир муҳим тарихий далил: ҳали собиқ иттифоқ, унинг куч-қудрати, сиёсати, давлат рамзлари амалда бўлиб турган қалтис бир пайтда – 1990 йил март ойидаёқ давлат рамзлари ҳақидаги масала миллий парламент сессиясида муҳокама қилинган. Орадан кўп ўтмай – 1990 йил 20 июнда қабул қилинган Мустақиллик декларациясида Ўзбекистон ўзининг тараққиёт йўлини, ўз номини белгилаши ва байроқ, герб, мадҳия каби давлат рамзларини ўзи таъсис этажаги қайд этилди.

Афсуски, 1991 йил 19 август куни собиқ Иттифоқ пойтахтида ўзини ГКЧП, яъни «Фавқулодда ҳолат давлат комитети», деб атаган бир гуруҳ сиёсий авантюристлар (яъни, лўттибозлар) томонидан давлат тўнтаришини содир этишга ҳаракат бўлди. «Марказ»даги бундай тўс-тўполон ва хиёнаткорлик шароитида Биринчи Президентимиз бошчилигидаги Ўзбекистон раҳбарияти республика ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этилишига йўл қўймади. Аксинча, ижтимоий-сиёсий вазиятнинг барқарорлигини сақлаб қолиш учун зудлик билан амалий чора-тадбирлар кўришга киришди.

Бу жасорату матонатли чораларнинг нафақат тезкорлиги ва қамровдорлиги, айни чоғда қатъийлиги ва изчиллиги ҳам алоҳида диққатни тортади. Мустамлакачилик кишанларидан узил-кесил озод бўлишга қаратилган ва атиги 12 кун ичида дадиллик билан қўйилган шу узвий тарихий қадамларни қуйида бирма-бир ва ҳужжатли асосда санаб ўтишга ҳаракат қиламиз.

Биринчидан, 1991 йил 19 августда – Биринчи Президентимиз Тошкент шаҳри фаоллари билан учрашиб, мамлакатда юзага келган вазиятни муҳокама қилди[2].

Иккинчидан, 1991 йил 20 августда – Ўзбекистон Олий Кенгаши Раёсати билан Вазирлар Маҳкамасининг қўшма мажлисида ГКЧПнинг қарорларига Ўзбекистон раҳбариятининг салбий муносабати очиқ-ойдин баён этилди[3].

Учинчидан, 1991 йил 21 августда – Ўзбекистон Президентининг СССРда ГКЧП қарорлари муносабати билан республикада истиқомат қилувчи ҳамма фуқароларни, катта-кичик барча ҳамюртларимизни шу мураккаб вазиятда ақл-идрок билан иш тутишга, тинчлик-осойишталикни сақлашга, сабр-тоқатли бўлишга даъват этувчи Мурожаати матбуотда эълон қилинди[4].

Тўртинчидан, 1991 йил 22 августда – Ўзбекистон ҳудудида ГКЧПнинг Ўзбекистон ССР Конституцияси ва қонунларига зид келадиган фармон ва қарорлари ҳақиқий эмаслиги баён этилган Президент Фармони эълон қилинди[5].

Бешинчидан, 1991 йил 23 августда – Ўзбекистон Компартияси Марказий комитети Бюроси ва Марказий назорат комиссияси раёсатининг Баёноти матбуотда чиқди[6]

Олтинчидан, 1991 йил 25 августда – Ўзбекистон Президентининг мамлакатда вужудга келган аҳволни эътиборга олиб ва республика манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган тарихий Фармони қабул қилинди[7].

Еттинчидан, 1991 йил 26 августда – Ўзбекистон Компартияси Марказий комитети Бюроси билан Марказий назорат комиссияси раёсатининг кенгайтирилган мажлисида Биринчи Президентимиз сўзга чиқиб, барчани хотиржамлик ва сабр-матонатга даъват этди ҳамда осойишталикни сақлаб туришга чақирди[8].

Саккизинчидан, 1991 йил 26 августда – Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши «Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини маромига етказиш бўйича Ишчи гуруҳ тузиш ҳақида фармойиш чиқарди[9].

Тўққизинчидан, 1991 йил 27 августда – Ўзбекистон Президенти Ўзбекистон ССР Конституциясига ва «Ўзбекистон ССРда жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги қонунга асосланиб, Ўзбекистонда демократик ўзгаришларга янги омил бағишлаш мақсадига қаратилган яна бир муҳим Фармонга имзо чекди[10].

Ўнинчидан, 1991 йил 28 августда – Биринчи Президентимиз Ўзбекистон Компартияси Марказий комитети ва Назорат комиссиясининг қўшма пленумида СССРда 19-21 август кунлари содир бўлган фожиали воқеаларга, КПСС раҳбариятининг номаъқул позициясига сиёсий баҳо берди ва республика партия ташкилотларининг кейинги вазифалари тўғрисида маъруза қилди[11].

Ўн биринчидан, 1991 йил 29 августда – Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши Раёсатининг «Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясини чақириш тўғрисида»ги қарори билан ушбу сессия кун тартибига Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги ҳақидаги ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисидаги масалалар киритилди[12].

Ўн иккинчидан, 1991 йил 29 августда – Ўзбекистон Президенти «КПССнинг Ўзбекистон ССР ҳудудидаги мулки тўғрисида»ги фармонни имзолади[13]. Фармонга биноан, КПССнинг Ўзбекистон ССР ҳудудидаги бутун мулки – республика мулки, яъни умумхалқ мулки, деб эълон қилинди.

Ўн учинчидан, 1991 йил 29 августда – Вазирлар Маҳкамасининг Раиси Ислом Каримов «Колхозчилар ва совхозлар ходимларини 1991 йил пахта ҳосилини ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олишдан моддий манфаатдорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ҳақида»ги қарорга имзо чекди[14].

Ўн тўртинчидан, 1991 йил 30 августда – Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши Раёсати Олий Кенгашнинг Ошкоралик ва депутатлик одоби комиссиясини Олий Кенгашнинг Ошкоралик масалалари қўмитасига ва Олий Кенгашнинг Депутатлик одоби комиссиясига айлантирди[15]. Бундан кўзланган мақсад ўша даврда юзага келган ижтимоий-сиёсий шароитда давлат мустақиллигига эришиш учун қатъий йўл тутилганлигига асосланиб ҳамда демократик жараёнларни ривожлантиришда қонун чиқарувчи ҳокимиятни, Олий Кенгаш ва унинг идоралари роли ва аҳамиятини кучайтириш эди.

Ўн бешинчидан, 1991 йил 31 августда – Олий Кенгашнинг навбатдан ташқари сессиясида Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги эълон қилинди[16].

Шукрки, Истиқлолнинг ўтган ҳар йили миллий мустақиллигимизни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришнинг шарафли босқичлари сифатида тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилмоқда. Айниқса, кейинги етти йилда ҳаётимизнинг турли соҳаларида:

  • ўтган даврда йиғилиб қолган муаммолар – моҳирлик билан ҳал этилаётгани;
  • мавжуд камчиликлар – оқиллик негизида бартараф қилинаётгани;
  • йўл қўйилган айрим хатолар – одиллик асосида тузатилаётгани ҳар қанча таҳсинга сазовор.

Бунда, шубҳасиз, халқимиз Шавкат Мирзиёев номзоди учун 2016 йил декабри (88, 61 фоиз), 2021 йил октябри (80, 31 фоиз) ва 2023 йил июлида (87, 05 фоиз)  бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида ишонч билан энг кўп овоз бергани беқиёс аҳамиятга эга. Чунки юртдошларимиз сўнгги йилларда халқимизнинг мушкулини осон, оғирини енгил, турмушини фаровон қилиш бўйича амалга оширилаётган шиддатли ва қамровдор ислоҳотлар самараларидан баҳра олмоқда.

Ўзбекистонликларнинг Президент Шавкат Мирзиёевга бўлган юксак ишончи бежиз эмас. Бу тоғдек улуғвор ишонч замирида давлат раҳбарининг сўнгги йилларда мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш ҳамда Учинчи Ренессанс пойдеворини тиклаш йўлида амалга ошираётган эзгу амаллари билан халқимиз қалбидан мустаҳкам жой эгаллаганидек аён воқелик мужассам.

Жадал суръатларда ривожланаётган дунёда фақат замон билан ҳамнафас одимлаётган, жамият ва давлатни модернизация қилиш учун зарур ислоҳотларни амалга ошираётган давлатларгина рақобатбардош бўла олади. Бу оддий ва асл ҳақиқат, ўз навбатида, Янги Ўзбекистон учун янги сиёсат ва мамлакат тараққиёти учун узоқ муддатли стратегиялар ишлаб чиқишни ҳаётий заруратга айлантирди.

Янги Ўзбекистоннинг биринчи стратегик дастури Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидир. Жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришнинг мазкур беш йиллик стратегияси юртимизда туб ва жадал демократик ислоҳотларнинг мутлақо янги босқичини бошлаб берди.

Халқимизнинг улуғвор қудратига таяниб Ўзбекистонда янги Уйғониш – Учинчи Ренессанс даври пойдеворини яратишга қаратилган Ҳаракатлар стратегияси асосида 2017-2021 йилларда қанчадан-қанча салмоқли чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу улкан кўламдаги янгиланишларнинг тезкор ва тизимли, ўзаро алоқадор ва бир-бирига чамбарчас боғлиқликда  ҳаётга татбиқ этилгани, айниқса, диққатга лойиқдир.

Бу ўринда сиёсий тизимни модернизация қилиш, чуқур маъмурий ислоҳотлар ўтказиш, судларнинг ҳақиқий мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш, қулай бизнес ва инвестиция муҳитини яратиш, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни, пухта ўйланган, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш борасидаги туб ўзгаришлар ҳақида сўз бормоқда.

Ҳаракатлар стратегиясини ижро этиш учун 300 дан ортиқ қонун ва кодекс, Президентимизнинг 4 мингдан ортиқ фармон ва қарорлари, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, илмий-техник, суд-ҳуқуқ, гуманитар ва бошқа соҳаларни ривожлантириш бўйича кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Шу тариқа Янги Ўзбекистон пойдеворининг ҳуқуқий асослари яратилди. Янада муҳими, бу ҳужжатлар самараларидан халқимиз мамнун ва манфаатдор бўлди.

Янги Ўзбекистоннинг иккинчи стратегик дастури – 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидир. Ушбу дастуриламал ҳужжат доирасида бир қатор концепция ва дастурлар, 13 та кодекс, 12 та қонун,  яъни ҳар бир устувор йўналишда зарур қонун ҳужжатлари қабул қилиниши кўзда тутилган.

Тараққиёт стратегияси ижроси йўлида 2022-2023 йилларнинг ўзидаёқ еттита устувор йўналишда бажарилган ишлар кўлами ва миқёси таҳсинга сазовор. Янги Ўзбекистон пойдеворини тиклаш ва биносини қуришга қаратилган буюк бунёдкорлик жараёнлари изчил давом этмоқда.

Сўнгги йилларда «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган тамойил фаолиятимиз дастурига айланиб улгурди. Мамлакатимиз пандемия ва глобал инқирознинг салбий таъсирларига қарамасдан, эркин, обод ва фаровон ҳаёт қуриш йўлидан дадил одимламоқда.

Ўзбекистон Президенти қайд этганидек, «биз интилаётган Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш осон эмас. Бундай улуғ вазифанинг шарти ва мезонлари кўп. Аммо энг муҳим ва ҳал қилувчи омил – бу демократик ислоҳотлар йўлидир. Шу боис халқимиз манфаатига тўла жавоб берадиган бу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Қанчалик қийин бўлмасин, фақат олдинга қараб борамиз»[17].

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга оширишда «Инсон қадри» ғоясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Инсон қадри дегани, содда қилиб айтганда, инсонни улуғлаш ва инсонлар ўртасидаги ўзаро меҳр-муҳаббатни қадрлашдир. «Инсон қадри» тушунчаси – инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳар томонлама таъминланишини ҳам ўзида қамрайди.

Янги Ўзбекистоннинг учинчи стратегик дастури – “Ўзбекистон – 2030” стратегияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 2023 йилги сайлов кампаниясида эълон қилган сайловолди дастурига ва кенг жамоатчилик муҳокамаси асносида билдирилган амалий таклифларга асосланади. Ушбу дастуриламал ҳужжатда қуйидаги устувор ғоялар акс этган:

  • барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўриш олиш;
  • аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил этиш;
  • аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш;
  • халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлат барпо этиш;
  • мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш.

Ўзбекистоннинг 7 йиллик мақсадлари эълон қилинган мазкур Стратегиядаги жами 100 та мақсад 5 та устувор йўналиш бўйича тақсимланган. Бинобарин, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига кўра, мамлакатимиз яқин етти йил ичида даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига кириши, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизими яратилиши, халқ хизматидаги адолатли давлат барпо этилиши белгилаб олинди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг учала стратегик дастури ҳам юртдошларимиз ва халқаро ҳамкорлар таклиф-тавсиялари асосида ишлаб чиқилган. Шунинг учун улар ниҳоятда халқчил ва амалийдир.

Ҳар бир мақсад муайян чора-тадбирлар ва қатъий вазифаларни кўзда тутади. Ушбу вазифаларнинг кўлами ва миқёси қанчалик қамровдор бўлса, ижросини таъминлаш механизмлари шунчалик аниқ.

Бу стратегик дастурлар давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларини тугал қамраб олган. Айни дастурлардаги чора-тадбирларнинг амалга оширилишидан юртимиздаги ҳар бир инсонга – қулай имконият, муайян енгилликлар, моддий ва маънавий манфаат етса, ўз навбатида, ҳар қайси оила ва хонадон ободлик, тўкинлик, файз ва барака топади.

Энг асосийси, дунёда коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз, кескин рақобат, турли қарама-қаршилик ва зиддиятлар туфайли юзага келган ғоят оғир ва мураккаб вазиятда Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва уни жаҳонга тараннум қилиш йўлида ғоят муҳим натижаларга эришилмоқда. Бунда Ўзбекистон Президентининг халқимиз билан ҳамжиҳатликда ишлаб чиққан ва амалда татбиқ этаётган узоқ муддатли стратегиялари  асосий дастуриламал бўлмоқда.

Ўзбекистоннинг бундай тарихий ютуқлари халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда. Зеро, ватандошларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ўзгариб, халқимиз ислоҳотлар самарасини кундалик ҳаётида тобора теран ҳис қилиб яшамоқда.

Мустақиллик йилларида, айниқса, кейинги даврда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида амалга ошириш халқ учун фаровон ҳамда муносиб турмуш шароитини яратишга йўналтирилган демократик ислоҳотларнинг асосий мезонига айланди. Айниқса, охирги икки йилда амалга оширилган конституциявий ислоҳот натижалари бу олийжаноб мезонни янада юксак босқичларга кўтарди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, жумладан, мамлакатимиз суверенитети ва халқимиз мустақиллигининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини янада қатъий таъкидлашга қаратилган янги нормалар билан бойитилиб, мавжуд конституциявий қоидалари кенгайтирилди.

Эндиликда Конституциямизнинг 1-моддаси мана бундай янгича мазмунда жаранглайди:

«Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен,  демократик,  ҳуқуқий,  ижтимоий ва дунёвий  давлат.

 Давлатнинг  «Ўзбекистон  Республикаси»  ва «Ўзбекистон» деган номлари бир маънони англатади».

Янги таҳрирдаги Асосий қонунимизнинг 17-моддаси қуйидаги нормалардан иборат:

«Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир.

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен  тенглиги,  куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик,  чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги,  низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички  ишларига аралашмаслик принципларига ҳамда халқаро  ҳуқуқнинг  умумэътироф этилган бошқа принцип ва нормаларига асосланади».

Конституциямизнинг 18-моддасида ўз аксини топган мана бу нормалар эски матнда мавжуд эмасди:

«Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси давлатнинг, халқнинг олий манфаатларидан, унинг фаровонлиги ва хавфсизлигидан келиб  чиққан  ҳолда  иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа  давлатлараро тузилмаларга кириши ҳамда улардан чиқиши мумкин».

Бош Қомусимизнинг 19-моддаси қуйидаги биринчи банд билан тўлдирилди:

«Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва  эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади».

Конституциямизнинг 23-моддаси ҳам янги нормалар ҳисобига бойитилди:

 «Ўзбекистон  Республикаси  фуқароси  Ўзбекистондан  ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас.

Давлат  хорижда  яшаётган ватандошлар  билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади».

Мазкур конституциявий нормаларда, бир томондан, Ўзбекистон давлати ва халқининг мустақиллиги, суверенитети, эгаменлигига асосли равишда урғу берилган бўлса, иккинчи томондан, инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини янада мустаҳкам кафолатлаш назарда тутилган.

Мухтасар айтганда, истиқлол йилларида жонажон Ватанимиз қандай суронли даврларни бошидан кечирган, меҳнаткаш халқимиз қандай салмоқдор ютуқларга эришган бўлса – буларнинг барчасида, бир томондан, мустақиллик руҳи ва бунёдкорлик ғояси, иккинчи томондан, инсонпарварлик моҳиятига йўғрилган Конституциямиз бизга доимо тоғдек таянч бўлиб келмоқда.

 

Ғулом МИРЗО,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

 

[1] https://lex.uz/docs/6663721

[2] Осойишталикни сақлайлик, тартибни мустаҳкамлайлик // Совет Ўзбекистони, 1991 йил 20 август.  

[3] Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов фаолияти хроникаси: Китоб 1: 1989-2012 йиллар. – Т.: «Ўзбекистон», 2013. – 20-бет.  

[4] Ўзбекистон Совет Социалистик Жумҳуриятининг Президенти, Ўзбекистон Компартияси Марказий Ко­митетининг биринчи котиби И.А.Каримовнинг республика аҳолисига Мурожаати // Совет Ўзбекистони, 1991 йил 21 август.  

[5] Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 й., 10-сон, 217-модда.  

[6] Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети Бюроси ва Марказий назорат комиссияси раёсатининг Баёноти // Совет Ўзбекистони, 1991 йил 23 август.  

[7] Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Президентининг Фармони // Совет Ўзбекистони, 1991 йил 27 август.  

[8] Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети Бюроси ва Марказий назорат комиссиясида // Совет Ўзбекистони, 1991 йил 27 август.  

[9] Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши Раёсатида // Совет Ўзбекистони, 1991 йил 27 август.  

[10] Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Президентининг Фармони // Совет Ўзбекистони, 1991 йил 28 август.  

[11] Каримов И.А. Халқимизнинг фикри – биз учун олий мезон // Каримов И.А. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. – Т.: «Ўзбекистон», 2011. – 372-391-бетлар.  

[12] Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши Раёсатининг Қарори // Совет Ўзбекистони, 1991 йил 29 август.  

[13] Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Президентининг Фармони: КПССнинг Ўзбекистон ССР ҳудудидаги мулки тўғрисида // Совет Ўзбекистони, 1991 йил 30 август.  

[14] Вазирлар Маҳкамасининг «Колхозчилар ва совхозлар ходимларини 1991 йил пахта ҳосилини ўз вақтидава сифатли йиғиб-териб олишдан моддий манфаатдорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ҳақида»ги қарори // Совет Ўзбекистони, 1991 йил 30 август.

[15] Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши Раёсатида // Совет Ўзбекистони, 1991 йил 31 август.  

[16] Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архиви. Ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг 1991 йил 31 августда бўлиб ўтган навбатдан ташқари VI сессияси ва 30 сентябрда бўлиб ўтган VII сессияси материаллари. Фонд – Р-2454, Рўйхат – № 6 пр., Сақлаш бирлиги – 7337. – В. 4.

[17] Ўзбекистон Республикаси Президенти  Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи/31.08.2022// https://president.uz/uz/lists/view/5484

 

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech