Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказда «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишонининг янги совриндорлари тақдирланди

ТОШКЕНТ, 4 декабрь. /«Дунё» АА/. Бугун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий марказида бир гуруҳ фуқаролар ва ташкилотлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакилларини «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони билан тақдирлаш тантанали тадбири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Марказ матбуот хизмати маълумотига кўра, тақдирлаш маросими Ўзбекистон Конституциясининг 31 йиллиги, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги ва 10 декабрь — Халқаро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан эълон қилинган «Инсон ҳуқуқлари ўн кунлиги» доирасида ўтказилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори Акмал Саидов тадбирни очар экан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида инсон ҳуқуқларига оид нормалар уч баробардан ортиқ кўпайганини алоҳида таъкидлади. Мазкур конституциявий нормалар ва Ўзбекистон қўшилган инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро шартномалар талабларидан келиб чиқиб, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари маданиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тақдирлаш маросимида эълон қилинганидек, 2023 йилда 5 та номинация – «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги амалий ишлар», «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат ташкилотлардаги фаолият», «Инсон ҳуқуқлари тарғиботи», «Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва илмий тадқиқотлар», шунингдек, «Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш» йўналишларида қўшган ҳиссаси учун 16 нафар номзод «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони билан тақдирлашга муносиб деб топилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов кўкрак нишонларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.

Совриндорлар номидан сўзга чиққан халқаро ва миллий ташкилотлар, илмий-таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари миннатдорлик изҳор этиб, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларда белгиланган мажбуриятларига қатъий ва сидқидилдан амал қилиб келаётганини эътироф этдилар.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech