Ўзбекиcтон делегацияси инсон ҳуқуқларига бағишланган Остона конференциясида қатнашмоқда

 7 декабрда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида “Инсон ҳуқуқларини таъминловчи халқаро-ҳуқуқий нормаларни миллий қонунчиликка татбиқ этиш” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бошланди. Илмий-амалий анжуман Қозоғистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан ташкил этилди.

Ушбу халқаро тадбирда 100 дан ортиқ халқаро ва минтақавий даражадаги экспертлар, Қозоғистон Президенти Администрацияси, мамлакат парламенти, ҳуқумати, Конституциявий суди, Олий суди, вазирлик ва идоралари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, академик ҳамжамият ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари қатнашмоқда.

Шунингдек, форумда хорижий давлатлар – Туркия, Венгрия, Ўзбекистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва бошқа давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари раҳбарлари иштирок этмоқда.

Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М. Тиллабоев “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка жорий этиш: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида маъруза қилди. Бунда мамлакатимизда айни йўналишда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳақида халқаро ҳамжамият вакилларига атрофлича ахборот тақдим этилди.

Конференцияда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни Париж тамойиллари асосида институционал ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашда халқаро ҳуқуқий нормаларни миллий қонунчиликка татбиқ этишнинг аҳамияти муҳокама қилинмоқда. Айни жараёнда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотлар, миллий институтлар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Миллий ва халқаро экспертлар ушбу тадбир турли давлатлардан ташриф буюрган мутахассисларнинг ўзаро тажриба алмашиши учун қулай мулоқот майдончаси вазифасини бажараётганини эътироф этдилар.

Халқаро анжуман 8 декабрь куни якунланади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech