Янги таҳрирдаги Конституция вa инсон ҳуқуқлари

7 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида шу мавзуда ҳуқуқий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошқарди.

А.Саидов Миллий марказ ходимларини Конституция куни байрами билан табриклар экан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 16 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишида янги таҳрирдаги Конституция давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратганини алоҳида таъкидлади.

Асосий қонунимиз Муқаддимасида давлат ва жамият тараққиётининг ҳуқуқий мафкураси, халқимиз Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида таянадиган конституциявий қадриятлар ва тамойиллар аниқ белгилаб берилган. Зеро, Конституциямизда инсоннинг асрлар давомида дунёда шаклланган асосий маънавий-ахлоқий қадриятлари ва асосий ҳуқуқларини ўзида мужассам этган ҳолда, инсоннинг олий қадрияти – унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати экани баралла эълон қилингани жуда муҳим.

Сўзга чиққанлар қайд этганларидек, янги таҳрирдаги Конституциямизга асосан инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир. Бинобарин, Бош қомусимизда давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаши этироф этилгани бежиз эмас.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech