Конституция – Янги Ўзбекистон келажагининг пойдевори

11 декабрь куни Тошкент вилояти Янгийўл туманида жойлашган 27- ва 14-умумий ўрта таълим мактабларида «Янги Ўзбекистон: инсон ҳуқуқлари» ҳамда “Конституция – Янги Ўзбекистон келажагининг пойдевори” мавзуларида ҳуқуқий-ахборот дарслари ўтказилди. Айни мавзулар юзасидан Инсон  ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари Ў.Очилов, Ҳ.Холмаматов, М.Каримов ва А.Аҳмедов маъруза қилди.

Ҳуқуқий маърифат дарси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 майдаги «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги фармони ҳамда 2023 йил 16 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги фармойшига асосан ташкил этилди. Тадбирда мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари қатнашди.

Мулоқот асносида инсон ҳуқуқларининг универсаллиги ва ажралмаслиги ҳақидаги билимларни чуқурлаштиришга алоҳида урғу берилди. Шунингдек, мактаб ўқувчилари ўртасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтиришга эътибор қаратилди.

Маърузачилар янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — ижтимоий давлат қуриш эканлиги белгиланганини алоҳида қайд этдилар. Ижтимоий адолат ва бирдамлик принципларига оид янги нормалар ҳақида атрофлича сўзлаб бердилар.

Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг тарихий аҳамияти бўйича маълумотлар тақдим этилди. Мазкур Декларация матнида илк бор барча одамлар эга бўлган ҳуқуқларнинг глобал таърифи баён этилганлиги, яъни ушбу ҳужжат ҳар бир инсоннинг шахсий дахлсизлиги, мулк, эътиқод ва сўз эркинлиги, фуқаролик, давлат бошқарувида қатнашиш, сайлаш ва сайланиш, оила, меҳнат ва дам олиш, таълим, тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, маданият ва санъат асарларидан баҳра олиш ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги таъкидланди.

Тадбир якунида Инсон  ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан 27-мактаб ҳамда 14-мактаб кутубхоналарига 30 дан ортиқ ҳуқуқий ва бадиий адабиётлар беғараз тақдим этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech