Акмал Саидов Женевада Жанни Магазенни билан учрашди

11 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси UPR (Универсал даврий шарҳ) бўлимининг собиқ бошлиғи, “UPR-Info” Бошқаруви аъзоси Жанни Магазенни билан учрашди.

Ушбу мулоқот Ўзбекистон делегациясининг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 75 йиллиги тантаналарига бағишланган расмий-маданий тадбирларда иштирок этиш учун Швейцарияга амалга оширган ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Ж.Магазенни жорий йил ноябрь ойида Ўзбекистон делегациясининг Универсал даврий шарҳнинг тўртинчи миллий ҳисоботини кўриб чиқиш жараёнидаги иштирокини юқори баҳолади.

Маълумки, Универсал даврий шарҳ бўйича Ўзбекистоннинг биринчи, иккинчи ва учинчи ҳисоботлари 2008 йил декабрь, 2013 йил апрель ва 2018 йил май ойларида кўриб чиқилган. Универсал даврий шарҳ ишчи гуруҳи Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга аъзо 47 та давлатдан иборат. БМТга аъзо 193 та давлатнинг ҳар бири айни ҳисоботлар муҳокамаларида иштирок этиши мумкин. 

Ж.Магазенни, шунингдек, мамлакатимиз делегацияси “UPR-Info” нодавлат нотижорат ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича фуқаролик жамияти вакиллари иштирокидаги дастлабки йиғилиши ва брифингларида ҳам фаол иштирок этганини алоҳида таъкидлади.

Учрашув давомида “UPR-Info” ННТ Универсал даврий шарҳ бўйича Ўзбекистоннинг тўртинчи миллий ҳисоботи якунлари юзасидан тақдим этилган тавсияларни амалга оширишда эксперт ёрдами кўрсатиш учун тайёрлиги билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июнда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, анъанавий равишда – бу йил ҳам Инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан бир гуруҳ фуқаролар ва ташкилотлар ҳамда халқаро ташкилот вакиллари «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони билан тақдирланди. Улар орасида Ўзбекистоннинг яқин дўсти ва ҳамкори Ж.Магазенни бор.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов мукофот соҳибига ушбу нишонни тантанали тарзда топширди. Совриндорга эсдалик совғалари ҳам тақдим этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech