11 декабрь куни Женевадаги Миллатлар саройида Қозоғистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан юқори даражадаги “Инсон ҳуқуқлари-75” форуми доирасида сайд-ивент ўтказилди. Ушбу тадбир “Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишдаги ҳиссаси” мавзусига бағишланди.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Қозоғистон Республикаси Миллий маркази томонидан Қозоғистоннинг Женевада жойлашган БМТ ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси ва Австралиядаги Доимий ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Уни ўтказишда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий муассасалари, шунингдек, БМТ Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳам фаол иштирок этди.
Мулоқотларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов сўзга чиқди. А.Саидов Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 75 йиллиги тантаналарига бағишланган тадбирларда иштирок этиш учун Швейцарияга ташриф буюрган Ўзбекистон делегациясига раҳбарлик қилмоқда.
Сайд-ивент доирасида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ривожлантиришда Париж принципларининг энг устувор талаблари – плюрализм, мустақиллик ва самарадорликни таъминлаш муҳимлигига эътибор қаратилди. Бундан ташқари, бу борада ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида мазкур муассасаларнинг ролини янада ошириш зарурлиги таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 12.12.2023
- Кўришлар: 3062
- Чоп этиш