Янги таҳрирдаги Конституция ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг аҳамияти

13 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Янги таҳрирдаги Конституция ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг аҳамияти” мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 майдаги «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги фармони ҳамда 2023 йил 16 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги фармойишига асосан ташкил этилди.

Давра суҳбатида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинишининг тарихи, мазмун-моҳияти, унинг инсоният учун қанчалик муҳим ҳужжат эканлиги ҳақида сўз юритилди. Мазкур Декларация дунё миқёсида 500 дан ортиқ тилга таржима қилинганлиги таъқидланди.

Мамлакатимизда жорий йил давомида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллигини кенг нишонлаш доирасида бир қанча анжуманлар ўтказилди. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази иштирокида бўлиб ўтган 30 дан ортиқ конференция, давра сухбати, семинар-тренинг ва тарғибот тадбирлари шулар жумласидандир.

Бу ўринда жорий йил октябрь ойида “Ёшлaр ҳуқуқлaри: имкониятлaр вa ҳимоя қилиш мехaнизмлaри” мавзусида хaлқaро форум ташкил этилганини алоҳида қайд этиш лозим. Ёшларнинг мазкур форумда билдирган фикр-мулоҳазалари куни кеча халқаро ҳамжамиятнинг Женевада бўлиб ўтган юқори даражадаги тадбирида кўриб чиқилган “Инсон ҳуқуқлари-75” ёшлар декларациясини ишлаб чиқишда жуда қўл келди.

Бундан ташқари, 2023 йил 30 апрель кунги референдумда қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади дея эълон қилиниб, инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баробардан ортиққа оширилди. Айниқса аёллар, болалар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эътибор тубдан кучайтирилди ҳамда ижтимоий адолат тамойилларига конституциявий мақом берилди.

Давра суҳбати қизғин руҳда ўтди ва мазмунли савол-жавобларга бой бўлди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech