Сенат ялпи мажлисида инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган 10 та қонун кўриб чиқилди

Кейинги йилларда мамлакатимизда инсоннинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлашга, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини оширишга ҳамда уларнинг малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқидан тўлиқ фойдаланиш имконияти яратилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқлаштириш зарурати юзага келмоқда. Жорий йил 20 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ саккизинчи ялпи мажлисида сенаторлар маъқуллаган “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун бу борада муҳим аҳамият касб этди.

Мазкур қонун билан айрим қонун ҳужжатларига давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш учун жиноят, фуқаролик ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича ҳамда қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш тартибини белгилашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу қонун фуқароларнинг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга ҳамда давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун қизғин муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш ҳамда давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш имкониятини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан ҳар кимга ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланди.

Шу билан бирга, маъмурий судларга мурожаат қилиш имкониятларини янада кенгайтириш, мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш зарурати юзага келмоқда.

Шу муносабат билан “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотлар, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилишда давлат божини фуқаролардан олдиндан ундирмасдан, ушбу божни ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра айбдор тарафдан ундириш тартибини назарда тутувчи, шунингдек, давлат божининг кўрсатилган ставкаси миқдори пасайтирилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторларнинг сўзларига кўра, қонун фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари суд тартибида ҳимоя қилинишини таъминлашга, уларнинг одил судловдан фойдаланиш ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати маълум қилганидек, Олий Мажлис Сенатининг қирқ саккизинчи ялпи мажлисида жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 14 та масала, шу жумладан, 10 та қонун кўриб чиқилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech