Инсонни инсон мақомида кўриш – Чингиз Айтматов асарларининг бош ғояси

Чингиз Айтматов асарларининг ўн жилдлиги чоп этилиши мамлакатимиз адабий, маданий ҳаётида улкан воқеликдир. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов “Чингиз Айтматов. Асарлар” тўпламининг 10 жилдлик нашрига шундай юқори баҳо берди. А.Саидовнинг эътирофича, ушбу ўн жилдликнинг чоп этилиши жуда катта заҳматли, жасоратли меҳнатдир.

Бу ҳақда атоқли адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган 10 жилдлик “Чингиз Айтматов. Асарлар” тўпламининг пойтахтимиздаги “Турон” кутубхонасида ўтказилган  тақдимотида сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Қирғиз миллий маданий маркази ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда мамлакатимизда атоқли адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматовнинг ижодини ўрганиш, асарларини нашр этишга катта эътибор қаратилаётгани, бу борадаги ибратли ишлар юртимизда китобхонликни ривожлантиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Тақдимотда Чингиз Айтматовнинг асарларини ўқиш ва уқиш кераклиги алоҳида қайд этилди. Бинобарин, инсонни инсон мақомида кўриш – Чингиз Айтматов асарларининг бош ғояси ҳисобланади.

Жаҳонда китоблари энг кўп нашр этилган ёзувчилар сафида биринчи ўринда Уильям Шекспир, иккинчи ўринда Лев Толстой бўлса, Чингиз Айтматов учинчи ўринда турибди. Зеро, адибнинг ижодкорлиги билан бирга, дипломатлик салоҳияти, давлат ва жамоат арбоби сифатидаги қирраларини ўрганиш ҳам долзарбдир.    

Шуни таъкидаш жоизки, “Чингиз Айтматов. Асарлар” тўпламининг 10 жилдлик нашридан академик А.Саидовнинг мақоласи ҳам жой олган. Олимнинг бунга қадар атоқли адиб ҳаёти, фаолияти ва ижодига бағишланган бир нечта китоби ҳамда кўплаб мақолалари эълон қилинган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech