Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

Удо Фёлькер: “Юздан ортиқ немис компания ва фирмалари Ўзбекистон билан ҳамкорлик олиб боришга тайёр”
 

Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ҳар томонлама мустаҳкамланиб бормоқда. Бунда ҳар икки давлат ҳукумат раҳбарлари ҳамда ишбилармонларининг мулоқот ва учрашувлари муҳим аҳамият касб этмоқда.

Яқинда Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби Удо Фёлькер Берлиндаги элчихонамиз томонидан мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда иштирок этди.  

Тадбирда жаноб Удо Фёлькер икки давлат ўртасидаги алоқалардан мамнун эканини билдирди ва Ўзбекистон халқини кириб келаётган Янги йил байрами билан қутлади:  

– Мана 2023 йил ҳам охирлаб бормоқда. Ушбу фурсатдан фойдаланиб, Германия-Ўзбекистон ташқи савдо муносабатларини сарҳисоб қилишни хоҳлардим. 2023 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг икки маротаба Германияга расмий ташрифи икки томонлама иқтисодий алоқаларни ривожланишига катта туртки берди.  

Айни пайтда юздан ортиқ немис компания ва фирмалари Ўзбекистон билан ҳамкорлик олиб боришга тайёр. Икки томонлама ҳамкорлик алоқалари катта истиқболга эга, яъни Ўзбекистон хом-ашё ва фойдали қазилмаларга бой мамлакат, Германия эса уларни қайта ишлайдиган замонавий инновацион технологияларга эга. Бу иқтисодий ҳамкорлик учун энг муҳим замин бўла олади.  

Жорий йилда биз мамлакатингиз Бош Вазирининг Германияга ташрифи доирасида Германия-Ўзбекистон иқтисодий форумини ўтказишга муваффақ бўлдик. Ўйлайманки, 2024 йилда ҳамкорлик истагида бўлган янги ҳамкорлар қатори янада кенгаяди. Меҳнат миграцияси борасида ҳам икки давлат учун катта ҳамкорлик салоҳияти мавжуд.  

Камина 1999 йилдан буён Ўзбекистонга мунтазам ташриф буюраман, Бухоро, Хива ва Самарқанд каби қадимий шаҳарларга меҳрим тушган. Мен ўзимни  Ўзбекистон-Германия алоқалари ривожига бағишлаган инсонлардан бири деб ҳисоблайман. Яқинлашиб келаётган Янги йил билан бутун ўзбек халқини самимий қутлайман.  

Шу билан бирга, мамлакатингиз Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги Германияда нишонланиши давлатларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро ҳурмат ва дўстликка урғу бериш, узоқ муддатли ҳамкорликни қўллаб-қувватлашни муҳокама қилиш имконини берди.  

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech