Миллий марказ ходимларига байрам совғалари топширилди

29 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Янги йил байрами муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Миллий марказ касаба уюшмаси томонидан ходимлар ва уларнинг фарзандларига  совғалар улашилди.

Тадбирда якунига етаётган 2023 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятида муҳим натижалар қўлга киритилгани таъкидланди. Бунда Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 12 майдаги Фармони ижроси доирасида жорий йил давомида изчил ташкил этилган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар тарғиботи алоҳида ўрин тутади.

Мамлакатимизда 1-10 декабрь – "Инсон ҳуқуқлари ўн кунлиги" деб эълон қилинди. Бу ташаббус доирасида ташкил этилган барча ҳуқуқий-маърифий тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги ва 10 декабрь — Халқаро инсон ҳуқуқлари кунига бағишланди.

 Хусусан, 4 декабрь куни ўтказилган бир гуруҳ фуқаролар ва ташкилотлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари – 16 нафар совриндорни 2023 йилда «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони билан тақдирлаш маросими шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан таъсис этилган “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони соҳадаги масъулиятли ишларга елкадош бўлаётган фидойи юртдошларимиз ва хорижий ҳамкорларни рағбатлантиришда ўзига хос ўрин тутади.

Мактаб, лицей ва коллеж ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари ўртасида "Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида" танлови ўтказилди ва 1 декабрда унинг ғолиблари тақдирланди. Бу каби танловлар орқали ёш авлоднинг инсон ҳуқуқлари бўйича тушунча-тасаввурларини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилгани жуда муҳим.

Ўн кунлик доирасида – 4 декабрь куни “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида таълим ва инновациялар” миллий танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлди. Мазкур тадбирни ўтказишда  Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори талабларидан келиб чиқилди.

Бундан ташқари, таълим муассасаларида "Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари" ҳамда "Янги Конституция ва инсон ҳуқуқлари" мавзуларида турли тадбирлар, жумладан умуммиллий дарслар, маънавият соатлари, очиқ дарслар ва “мастер-класс”лар ўтказилди. Бундан мақсад ёшларга инсон ҳуқуқлари ва конституциявий ҳуқуқ ҳақида батафсил маълумот беришдир.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ахборот-кутубхона марказларида “Конституция ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адабиётлар” бурчаклари ташкил қилиниб, уларга зарур адабиётлар беғараз тақдим этилди. Ушбу ҳуқуқий-маърифий кўргазмалар ёрдамида аҳолига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мавжуд адабиётлар ва маълумотларни мунтазам негизда етказиб туришга эришилди.

 “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёт ва ҳисобот” мавзусидаги ўқув курсида иштирок этган ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга сертификатлар топширилди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш орқали ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўқув курсларини ўтказишда фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган ҳамкор ташкилотларга ташаккурномалар тақдим этилди.

Бу каби тадбирлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини янада ривожлантириш, айни соҳадаги халқаро тажрибани изчил ўрганиш ва амалиётга татбиқ этишга хизмат қилади.

Йиғилиш якунида янги – 2024 йилдаги режалар ҳақида ҳам фикрлашиб олинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech